Ўзбекистон | 14:47 / 30.12.2025
2226
2 дақиқада ўқилади

2026 йил бюджети ижроси бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди

“2026 йил учун Ўзбекистон давлат бюджети тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди. Ҳужжатда бюджет маблағларининг чекланган миқдорлари, даромадлар прогнози ва маҳаллий бюджетлар бўйича тушумларни тақсимлаш тартиби белгилаб қўйилди.

2025 йил 26 декабр куни “Ўзбекистон Республикасининг ‘2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида’ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори (ПҚ–388-сон) қабул қилинди.

Қарор билан 2026 йилда 2-даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорлари тасдиқланди. Шунингдек, 2026 йил учун республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари айланма касса маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдорлари белгиланди.

Ҳужжатда 2026 йил учун Ўзбекистон давлат бюджети даромадлари прогнози ҳам тасдиқланган. Шу билан бирга, 2026 йилда фойда ва қўшилган қиймат солиқлари тўлиқлигича республика бюджетига йўналтириладиган йирик солиқ тўловчилар рўйхати маъқуллангани қайд этилди.

Қарорга мувофиқ, қуйидаги солиқ турлари бўйича даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган қисми Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ҳамда Тошкент шаҳри шаҳар бюджетида белгиланган миқдорларда қолдирилади. Жумладан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва фойда солиғи бўйича ошириб бажарилган тушумлар тўлиқ ҳажмда маҳаллий бюджетларда қолдирилади.

ҚҚС бўйича эса Қорақалпоғистон Республикасида даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган қисмининг 100 фоизи, қолган ҳудудларда эса 60 фоизи тегишли маҳаллий бюджетларда қолдирилиши белгиланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид