Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилдаги бюджет ижроси бўйича маълумот берди.

Ўтган йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 502,6 трлн сўмни, харажатлари эса 541,7 трлн сўмни ташкил этган. Тақчиллик – 39,1 трлн сўм ёки ЯИМнинг 2,1 фоизи. Таққослаш учун, 2024 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллиги 47,8 трлн сўм ёки ЯИМнинг 3,3 фоизини ташкил этганди.

Ҳисобот даврида давлат бюджети даромадлари 359,8 трлн сўмни ташкил этиб, олдинги йилга нисбатан 31,1 фоизга ўсган. Даромадлар қуйидаги манбалар ҳисобидан шаклланган:

  • бевосита солиқлар – 117,8 трлн сўм (+29,8 фоиз);
  • билвосита солиқлар – 109,6 трлн сўм (+24,1 фоиз);
  • ресурс ва мол-мулк солиғи – 44,9 трлн сўм (+23,6 фоиз);
  • бошқа даромадлар – 87,5 трлн сўм.

2025 йилда давлат бюджети харажатлари 383,9 трлн сўм бўлган ва 2024 йилга нисбатан 23,5 фоизга ошган. Бюджет харажатларининг иқтисодий тасниф бўйича ижроси қуйидагича бўлган:

  • иш ҳақи – 149,6 трлн сўм (+14,9 фоиз);
  • ижтимоий солиқлар – 29,8 трлн сўм (+16,9 фоиз);
  • капитал қўйилмалар – 15,6 трлн сўм (+7,5 фоиз);
  • бошқа харажатлар – 188,9 трлн сўм (+34,3 фоиз).

Маҳаллий бюджетларнинг молиявий ҳолати

Ўтган йилда маҳаллий бюджет даромадлари ва харажатлари ўртасидаги салбий фарқ 37,9 трлн сўмни ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида энг катта дефицит Фарғона вилоятида қайд этилган. Вилоятда маҳаллий бюджет даромадлари 6,38 трлн сўм, харажатлари эса 10,77 трлн сўм, дефицит 4,39 трлн сўм бўлган. Кейинги энг ёмон кўрсаткичлар Андижон (тақчиллик – 3,56 трлн сўм) ва Самарқанд (тақчиллик – 3,41 трлн сўм) вилоятларида кузатилган.