Жамият | 08:41
1845
3 дақиқада ўқилади

ССВ: Байрам ва дам олиш кунларида тиббиёт муассасалари тун-у кун ишлайди

Фото: ССВ

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармонига асосан янги йилда барча ходимлар (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар) кетма-кет 5 кун дам олади.

ССВ матбуот хизмати ушбу саналарда мамлакат тиббиёт муассасалари қай тартибда ишлаши, қайси шифо масканларида қандай профилактик-тиббий хизматлар кўрсатилиши ҳақида маълумот берди.

«Қайд этиш керак, аҳоли саломатлигини асраш, хусусан, байрам ва қўшимча ишланмайдиган кунларда тиббиёт муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигида алоҳида штаб ташкил этилди.

Шунингдек, 31 декабр – 4 январ кунлари мамлакатимиздаги туман (шаҳар), вилоят ва республика миқёсидаги барча шифохоналар, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари ҳамда ҳудудлардаги 39 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 20 минг нафар тиббиёт тизими ходимлари қонунда белгиланган тартибда, навбатчилик асосида аҳолига тиббий хизмат кўрсатади»,  дейилади вазирлик хабарида.

Қўшимча ўринлар ва дори-дормонлар захираси яратилган.

Шунингдек, байрам кунлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда 200 га яқин аҳоли пунктида жойлашган шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида ҳам 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади. Ушбу муассасалар зарур дори-дармонлар билан таъминланиб, захира ўринлари яратилган.

«Таъкидлаш жоизки, аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатишда "103" хизматининг ўрни беқиёс. Янги йил байрами муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунларида мазкур соҳа эгалари ҳам одатий иш фаолиятини давом эттиради. Хусусан, Республика тез тиббий ёрдам марказининг мамлакатимиз бўйлаб 14 та ҳудудий филиал, 167 та станция, 63 та подстанция ва 1 436 таянч пунктида 2 860 дан зиёд тиббий ёрдам бригадаси аҳоли ҳамда юртимиз меҳмонларидан бўладиган чақирувлар учун доимий шай ҳолда»,  дейилади хабарда.

Бундан ташқари, байрам кунлари мамлакатдаги 231 та туғуруқ, 233 та болалар даволаш муассасаcи ҳам узлуксиз иш олиб боради.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (1003) қисқа рақамли «Ишонч телефони» орқали эса тиббиётга тегишли саволларга малакали мутахассислардан туну кун жавоб олиш мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги йил байрами ва дам олиш кунларида меҳнат қиладиган барча тиббиёт ходимларига ўз миннатдорчилигини билдирган.

Шунингдек, вазирлик аҳолидан байрамни хуш кайфиятда қарши олиб, ўз саломатлигига эътиборли бўлишни сўраган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид