Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Венесуэла–АҚШ: географик тақдир ва ёлғиз қолган Мадуро | “Геосиёсат”
Венесуэладаги сиёсий инқироз вақтида Мадуронинг икки яқин ҳамкори Москва ва Пекин уни ҳокимиятда сақлаб қололмади. Йиллаб қурилган алоқаларга қарамай, Мадуро якунда ёлғиз қолди. Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида таҳлилчилар Венесуэла атрофидаги сиёсий вазият хусусида сўз юритди.
Россия ва Хитой нега Мадурога ёрдам бера олмади?
Камолиддин Раббимов: Бугун Америка Қўшма Штатлари билан реал равишда басма-бас рақобатлаша оладиган ва бунинг учун етарли ресурсларга эга бўлган ягона давлат – Хитой Халқ Республикаси. Бироқ Хитойнинг геосиёсий тафаккури АҚШ билан тўғридан тўғри қарама-қаршиликка бориш эмас. Совуқ уруш тугаганидан буён Пекин имкон қадар Вашингтон билан келишиб яшашга, ҳатто айрим масалаларда унинг тизимига мослашишга ҳаракат қилиб келмоқда.
Шу билан бирга, Хитойнинг қатъий “қизил чизиқлари” мавжуд. Энг асосийси – Тайван масаласи. Пекин назарида Тайван Хитойнинг ажралмас қисми бўлиб, бу жараёнга ташқи кучлар аралашмаслиги керак.
Иккинчи муҳим масала – Тинч океани ҳавзасида, хусусан, Хитой соҳиллари атрофида АҚШ томонидан ҳарбий-сиёсий блокада бўлмаслиги ва Хитойнинг жаҳон денгизларига эркин чиқиши таъминланиши лозим.
Бу контекстда Ҳиндистон ва Хитой ўзаро душман эмас, балки стратегик рақиб сифатида қаралади. Ҳиндистон ўзини Хитойга тенг қудратли давлат сифатида кўрсатишга интилса-да, Пекин Деҳлини ҳали ўз даражасидаги глобал куч деб ҳисобламайди. Айнан шу рақобат фонида Ҳиндистон Малакка бўғози орқали Хитойнинг савдо ва юк ташиш йўлларига босим ўтказишга уринади. Бунга Япония, Жанубий Корея ва бошқа АҚШ иттифоқчиларининг денгиздаги фаоллиги ҳам қўшилади. Натижада Хитой ўзини денгиз томондан деярли ўраб олинган ҳолатда кўрмоқда. Шу сабабли Пекин сўнгги 15 йил ичида қуруқлик орқали муқобил транспорт ва логистика йўлакларини шакллантиришга киришди. “Бир камар — бир йўл” ташаббуси айнан шу стратегиянинг маҳсули бўлиб, Марказий Осиё учун улкан иқтисодий имкониятлар ва барқарор даромад манбайини яратади. Бу минтақа давлатлари учун ижобий геосиёсий омил ҳисобланади. Венесуэланинг амалда глобал ўйиндан чиқарилиши эса Лотин Америкасида Хитой ва Россия учун муҳим таянч нуқтанинг йўқотилиши демакдир.
Шунга қарамай, Хитой бу масалада фаол қаршилик кўрсатмади. Сабаби оддий: узоқ минтақада АҚШ билан тўқнашувга кириш – Пекин стратегиясига мос келмайди.
Хитой учун энг катта вазифа – аввало Тайван масаласини ҳал қилиш. Хитойнинг ёндашуви прагматик: “Мен ўсишда давом этаётган давлатман. Бугун АҚШ билан очиқ тўқнашувга бориб, ўз тараққиётимни секинлаштиришга ҳожат йўқ. Агар ҳозирги тенденция сақланиб қолса, 2050-йилларга бориб, табиий равишда дунёнинг иккинчи мустаҳкам глобал қудратига айланаман”, деган қараш устун.
Россия эса мутлақо бошқа ҳолатда. Украина уруши бошланганидан буён Москва стратегик имкониятларини кескин йўқотди. Бир пайтлар, 2015–2016 йилларда Башар Асад режимини сақлаб қолган Россия бу сафар Суриядаги таъсирини ҳам йўқота бошлади. Асад ҳокимиятдан кетган пайтда Москва амалда ҳеч қандай таъсир кўрсата олмади, чунки барча ресурслар Украина фронтига йўналтирилган эди. Қарийб тўрт йилдан бери давом этаётган уруш Россияни ҳолдан тойдирди. Сўнгги бир йил ичида Россия Украина ҳудудининг ҳатто 1 фоизини ҳам эгаллай олмади – реал кўрсаткич 0,7 фоиздан ҳам кам.
Бу эса Москванинг янги геосиёсий фронтлар очиш имконияти йўқлигини кўрсатади. Хулоса шуки, Россияда имконият йўқ, Хитойда эса ҳозирча хоҳиш йўқ. Россия Украина билан банд, Хитой эса узоқ муддатли стратегик лойиҳаларига эътибор қаратган. Шу боис, бугунги глобал ўйин майдонида уларнинг ҳар бири мутлақо бошқа вазн ва бошқа рол билан ҳаракат қилмоқда.
Фарҳод Каримов: Бу масалада икки хил сценарийни кўриш мумкин. Биринчиси – ҳақиқатга энг яқин вариант. Хитойнинг ўз ҳудудидан ташқарида атиги битта ҳарбий базаси бор, у ҳам Жибутида жойлашган. Шу сабабли Хитойнинг Венесуэлагача ҳарбий куч етказиши – техник ва жисмоний жиҳатдан деярли имконсиз. Ҳатто битта ҳарбий самолёт ҳам океан ошиб бориши учун йўлда бир неча марта тўхтаб, ёнилғи қуйиш талаб этилади.
Бундан ташқари, сентябрдан буён Америка Қўшма Штатларининг авиаташувчи кемалари ва ҳарбий флоти минтақада мунтазам навбатчилик қилмоқда. Бундай шароитда Хитой ёки Россиянинг бу ҳудудга яқинлашиш имконияти жуда чекланган. Россия ҳам патруллар кучайтирилишидан олдин Венесуэла қирғоқларига айрим ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беришга улгурганди. Аммо бу қуролларнинг ўқ-дорилари, захиралари ва уларни ишлатиш имкониятлари борасида на Венесуэла ва на Колумбия аниқ жавоблар ололди.
Америка эса бутун Лотин Америкаси ва унга туташ ҳудудларда 500 дан ортиқ ҳарбий базага эга. Айниқса Жанубий-Шарқий Осиё ва Жанубий Америка минтақаси АҚШ ҳарбий инфратузилмаси билан тўлиқ қамраб олинган. Хитой ҳатто ўз соҳилларидан бемалол чиқиб кета олмайди: АҚШнинг Япония, Жанубий Корея ва шу атрофдаги бошқа давлатлардаги базалари Хитой ҳарбий кемаларининг ҳаракатини доимий назоратда ушлаб туради.
Шундай шароитда Хитойнинг Венесуэлагача ҳарбий куч етказиш эҳтимоли деярли нолга тенг. Демак, Хитой бу жараёнга очиқчасига аралашмади.
Иккинчи муҳим омил – манфаат масаласи. Трамп очиқ айтди: Хитой нефтдан узилиб қолмайди, АҚШ зарурат бўлса, нефт етказиб беришда давом этади. Бу сигнал нафақат Хитойга, балки Ҳиндистонга ҳам йўналтирилган эди. Яъни Хитой Россия нефтига қарам бўлиб қолмаслиги учун муқобил вариантлар борлиги кўрсатилди.
Мадуро Россия ва Хитойга бир неча бор мурожаат қилган бўлса-да, аниқ ёрдам олмади. Ҳатто Трампдан ҳеч бўлмаганда ўзига яқин юз нафар одамнинг мамлакатдан чиқиб кетишига рухсат сўраган, аммо бу илтимос ҳам рад этилган эди. Жараён секин-аста шу якуний ҳолатга олиб келди. Россиянинг имкониятлари эса бундан ҳам чекланган. Москва АҚШга яқин ҳудудда яна бир таянч нуқтани йўқотишни истамайди. Аввал Куба шундай рол ўйнаган бўлса, Венесуэла ҳам муҳим стратегик нуқта эди. Унинг йўқотилиши Россия учун жиддий геосиёсий зарба бўлади.
Шу боис, келгусида Россия ва Хитой эътиборни Бразилияга қаратиши эҳтимоли юқори. Бироқ географик омил ҳал қилувчи бўлиб қолади: Бразилия узоқдаги Хитой ва Россиядан кўра, яқин минтақавий ва иқтисодий манфаатларни устун қўйиши эҳтимоли катта. Жанубий Америка давлатлари эса эҳтимол тез орада фавқулодда йиғилиш ўтказиб, Венесуэладаги вазият бўйича умумий позицияни белгилайди. Мақсад – фуқаролар урушига йўл қўймасдан, ҳокимият алмашувини имкон қадар урушларсиз амалга ошириш.
Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилиш мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.