Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
NYT: АҚШнинг Венесуэлага ҳужуми оқибатида камида 40 киши ҳалок бўлган
Фото: Leonardo Fernandez Viloria / AP / Scanpix / LETA
3 январга ўтар кечаси АҚШ томонидан Венесуэлада ўтказилган ҳарбий амалиёт оқибатида тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчилар орасида камида 40 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда The New York Times нашри маҳаллий юқори мартабали мулозимлардан бирига асосланиб хабар тарқатди.
Газета ўз материалида америкаликларнинг Каракас бўйлаб зарбаси ва Венесуэла президенти Николас Мадуронинг қўлга олиниши бўйича айрим тафсилотларни келтирган.
Пентагон расмийларига кўра, миссияга 150 дан ортиқ ҳарбий самолёт, жумладан, қирувчи ва бомбардимончи самолётлар жалб этилган. Ҳужум бошланганида улар АҚШ ҳарбий денгиз кучларининг кемаларидан ва бошқа турли ҳарбий базалардан ҳавога кўтарилган.
Ушбу амалиёт киберҳужум билан бошланган, бунинг натижасида Каракаснинг катта қисмида электр таъминоти ўчирилган. Бу эса самолётларга шаҳарга сездирмай яқинлашиш имконини берган.
Авиация пойтахт бўйлаб давомли зарбалар йўллаган. АҚШ президенти маъмурияти вакилининг маълум қилишича,, асосан радиолокация қурилмалари ва радиоузатиш миноралари ишдан чиқарилган.
Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес «Делта Форс» гуруҳи жангчилари томонидан қўлга олинган – бу АҚШ қуролли кучларнинг махсус вазифаларни бажарувчи элита бўлинмаси ҳисобланади. Қўлга олиш амалиётини улар Мадуро қароргоҳининг Кентуккида қурилган нусхасида репетиция қилишган. Венесуэла президентининг сўнгги бир неча ойдаги ҳаракатлари бўйича маълумотлар Марказий разведка бошқармасининг Каракасда ишлаган агентлари томонидан тўпланган.
Каракасдаги ҳарбий амалиёт олдидан АҚШ бир неча ой мобайнида Кариб денгизи ҳавзасида денгиз кампанияси олиб бориб, ўнлаб кемаларга ҳужум уюштирди. Трамп маъмуриятидагилар бу кемаларда венесуэлаликлар АҚШга гиёҳванд моддалар ташиганини маълум қилган. ОАВ ҳисоблашича, бу ҳужумлар оқибатида камида 115 киши ўлдирилган.