Ўзбекистон | 15:23 / 05.01.2026
3583
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматларининг 40 фоизи хусусий секторга ўтказилади

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида электрон хизматлар улушини 90 фоиздан ошириш, композит ва проактив хизматларни 400 тага етказиш, 25 млн ҳужжатни рақамлаштириш ҳамда хизмат кўрсатиш муддатларини қисқартириш каби вазифалар назарда тутилмоқда.

Фото: Kun.uz

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида аҳолига қулай ва тезкор давлат хизматларини ташкил этиш, жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш ва ортиқча ҳужжатбозликни қисқартиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар белгиланган.

Лойиҳада келтирилишича, 370-банд доирасида Ўзбекистоннинг БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида “Топ-30” таликка киришига эришиш мақсад қилинган. Шунингдек, 371-бандга мувофиқ, электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини 90 фоиздан ошириш режалаштирилмоқда.

Фуқаролар мурожаатлари ва назорат механизмларини кучайтириш мақсадида 372-бандда “Халқ назорати” портали ҳар бир ҳудудда 100 фоиз жорий этилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, 373-банд бўйича фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар улушини 50 фоизгача етказиш вазифаси қўйилган.

Давлат хизматларини янги форматда тақдим этишга оид мақсадлар ҳам белгиланган. Жумладан, 374-бандда композит ва проактив тарзда кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини камида 400 тага етказиш режалаштирилган.

Рақамлаштириш йўналишида 375-бандга кўра, мавжуд 40 миллион ҳужжатдан 25 миллионини рақамлаштириш вазифаси белгиланган. Шу билан бирга, 376-банд доирасида “Рақамли ҳукумат” тизимининг ягона платформасига уланган сервислар сонини 700 тага етказиш, ҳужжатлар ва муносабатларнинг рақамли шаклда бўлишини таъминлаш назарда тутилмоқда.

Хизматлар сифати ва тезкорлигини ошириш мақсадида 377-бандда 100 тадан ортиқ давлат хизматини кўрсатиш муддатларини 50 фоизга қисқартириш кўзда тутилган. Бунга қўшимча равишда, 378-бандда 500 тага яқин давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш режалаштирилган.

Шунингдек, 379-бандга мувофиқ давлат хизматларининг 40 фоизини хусусий секторга ўтказиш мақсад қилинган. Архив соҳасидаги хизматларни кенгайтириш бўйича эса 380-бандда архив соҳасида давлат хизматлари сонини 14 тага етказиш вазифаси белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид