Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россиянинг Кривий Ригга ракета зарбаси: камида 12 киши яраланди
Кривий Риг ҳокимияти маълумотларига кўра, шаҳар энергия таъминотидаги узилишлар давом этаётган бир пайтда баллистик ракеталар ва учувчисиз қурилмалар (дронлар) билан зарбага учради. Зарба оқибатида яраланган 12 киши орасида бола ҳам бор.
Фото: AP
Россия 8 январ, пайшанба куни Кривий Ригга оммавий, бир вақтнинг ўзида турли воситалар қўлланган ҳолда зарба берди. Натижада камида 12 киши, жумладан бир бола яраланган. Бу ҳақда Днипропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) раҳбари в.в.б. Владислав Гайваненко хабар қилди. Бундан олдин шаҳар мудофаа кенгаши раҳбари Александр Вилкул тўққиз нафар жабрланувчи ҳақида айтган эди. Вилкулнинг сўзларига кўра, улардан бири жуда оғир аҳволда: портлаш оқибатида унинг оёғи узилиб кетган.
Вилкул маълум қилишича, РФ Қуролли кучлари шаҳарга “Искандер” мажмуасидан икки баллистик ракета учирган, шундан кейин Кривий Риг дронлар билан ҳужумга учраган.
Ракета портлашлари оқибатида кўп квартирали турар жой уйлари зарар кўрган. Гувоҳлар тасвирларидан кўринишича, камида битта бинода ёнғин чиққан.
ОАВ маълумотларига кўра, зарбадан кейин Кривий Ригда электр, иситиш ва сув таъминотида узилишлар юзага келган. Ҳужум пайтида шаҳар кечаги Россия ўққа тутишлари сабаб қисман аллақачон электрсиз қолган эди — бу уруш давомидаги энг оммавий зарбалардан бири сифатида қайд этилган.
Telegram-каналларда янги ҳужум вақтида шаҳарда олинган видео ва суратлар эълон қилинган. Британиянинг BBC медиакомпанияси Украина хизмати хабар беришича, баллистик ракеталар зарбаси пайтида Кривий Риг ҳали ҳам қисман блэкаут ҳолатида бўлган.
Шу куни Херсонда Россиянинг ўққа тутиши оқибатида уч киши ҳалок бўлган, яна икки киши яраланган. Эрталаб шаҳарга қилинган бошқа бир ўққа тутишда тўрт киши яраланган.
Херсон вилоятидаги Тарас Шевченко қишлоғи атрофида ҳам бир киши ҳалок бўлиб, икки киши яраланган: Россия дрони фуқаролик автомобили устига портловчи модда ташлаган.
7 январ кечқурун Россия ўққа тутиши натижасида юз берган тўлиқ блэкаутдан сўнг Днипропетровск ва Запорижжя вилоятларида ҳокимият электр таъминотини қисман тиклашга муваффақ бўлган. ДТЭК энергия компанияси маълумотига кўра, пайшанба куни туш вақтига келиб Днипропетровск вилоятида тахминан 500 минг оила ҳали ҳам электрсиз қолган.
Мавзуга оид
13:13
Германия, Франция ва Британия Россиянинг “Орешник” ракета зарбасини қоралади
12:12
Россия Қора денгизда икки фуқаролик кемасига дронлар билан ҳужум қилди
19:19 / 09.01.2026
Украина билан уруш давомида Россия 19 нафар генералини йўқотди
15:42 / 09.01.2026