Жаҳон | 16:04 / 12.01.2026
2611
2 дақиқада ўқилади

Лондон Киев учун Nightfall баллистик ракетасини ишлаб чиқади

Буюк Британия Украина Қуролли кучларининг РФдаги ҳарбий нишонларга зарба бериш салоҳиятини кучайтиришни истайди ва шу мақсадда Nightfall лойиҳаси доирасида янги баллистик ракетани ишлаб чиқмоқда.

Фото: AP / Rick Rycroft

Буюк Британия Украина учун янги тактик баллистик ракеталар ишлаб чиқади — улар Россия ҳужумига учраган мамлакатнинг ўт очиш қудратини оширади ҳамда унга “Путиннинг ҳарбий машинасидан ўзини ҳимоя қилиш”га ёрдам беради. Шундай баёнот Буюк Британия ҳукумати томонидан якшанба, 11 январ куни эълон қилинди.

Баёнотдан келиб чиқишича, Nightfall деб номланган лойиҳа доирасида яратиладиган бу ракеталар 200 кг оғирликдаги ядросиз жанговар қисмни олиб юра олади ва 500 кмгача масофадаги нишонларга зарба бера олади.

“Лойиҳанинг мақсади — инновациялар, ўсиш ва 2026 йилда Украинага ёрдамни кучайтиришни қўллаб-қувватлаган ҳолда, Буюк Британиянинг мудофаа саноати ривожини рағбатлантириш”, — дейилади Лондон баёнотида.

Қайд этилишича, Nightfall ракеталарини турли транспорт воситаларидан ишга тушириш мумкин бўлади; шунингдек, қисқа вақт ичида бир неча ракетани тезда учириб, бир неча дақиқада жойни тарк этиш имконияти ҳам бўлади. Буюк Британия ҳисобича, бу Украинага Россия қўшинлари жавоб қайтаришга улгурмасидан олдин РФдаги муҳим ҳарбий нишонларга зарба бериш имконини яратади.

Бир ракета учун максимал нарх 800 000 фунт стерлингдан ошмаслиги керак (922 000 евро). Лондон ойига 10 та шундай тизим ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Буюк Британия ҳукумати тендерда ғолиб чиққан учта саноат жамоасига ҳар бири учун 9 млн фунт (10,4 млн евро) ҳажмидаги шартнома ажратиб, илк учта ракетани ишлаб чиқиш ва етказиб беришни кўзламоқда. Улар синов парвозлари учун мўлжалланган бўлиб, 12 ой ичида ўтказилиши керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид