Таълим | 14:36 / 12.01.2026
2039
1 дақиқада ўқилади

Олий таълим хизматлари таълим бозорининг деярли ярмини эгаллади

2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистонда таълим соҳасида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 34,2 трлн сўмни ташкил этган. Ушбу таркибда олий таълим хизматлари етакчи бўлиб, улуши 46,8 фоизга тенг.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ҳисобот даврида таълим соҳасидаги бозор хизматлари ҳажми 34,2 трлн сўмга етган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даври билан таққослаганда 8,8 фоизга ўсган.

Шу билан бирга, таълим соҳасида кўрсатилган мазкур хизматлар ҳажми мамлакатда жами кўрсатилган бозор хизматлари умумий ҳажмининг 3,7 фоизини ташкил этгани маълум қилинди.

Эътиборли жиҳати, таълим хизматлари таркибида олий таълим соҳаси устунлик қилиб, умумий ҳажмдаги улуши 46,8 фоизни ташкил этган. Бу эса таълим бозорида хизматлар кўлами бўйича деярли ҳар икки сўмнинг бири олий таълим ҳиссасига тўғри келаётганини англатади.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларида қайд этилишича, таълим хизматлари ҳажми ва унда олий таълим сегментининг юқори улуши таълимга бўлган талаб ҳамда соҳадаги хизматлар кўлами кенгаяётганини акс эттиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид