Жаҳон | 15:44 / 13.01.2026
883
3 дақиқада ўқилади

“Газпром-медиа” номақбул контентни қидиришга сармоя киритди

“Газпром-медиа” платформаси видеоконтентда наркотиклар, алкогол ва бошқа саҳналар “тарғиботи” аломатларини аниқлаш имконини беради. Ишланма Россия стартапи Predicto билан боғлиқ.

Фото: AP

“Газпром-медиа” ҳолдинги, жумладан, видеоконтентни текшириш ва унда наркотиклар, алкогол саҳналари ва бошқа “номақбул” контентнинг “тарғиботи” бор-йўқлигини аниқлаш учун мўлжалланган рақамли платформага юзлаб миллион рубл сармоя киритди. Бу ҳақда якшанба куни, 11 январда Forbes нашри медиа соҳасидаги манбага таяниб хабар қилди.

Гап 12 та модулдан иборат “Предикто” платформаси ҳақида кетмоқда. Уларнинг бир модули контентни модерация қилиш учун мўлжалланган бўлиб, видео текширилгандан кейин файлни рангли белги билан қайтаради — бу белгилар номақбул контент аломатлари бор ёки йўқлигини кўрсатади, деб ёзади нашр.

Forbes манбасининг айтишича, платформа асосида бир неча йил олдин “Газпром-медиа” тузилмалари билан ҳамкорликни бошлаган Россия стартапи Predicto технологиялари ётади. Нашр суҳбатдоши даъво қилишича, 2023 йилда Predicto ходимларига “Газпром”га яқин тузилмаларга ишга ўтиш таклиф қилинган ва кўпчилиги рози бўлган.

Forbes қайд этишича, 2023 йилда Predicto штатида 40 киши ишлаган, 2024 йилда эса уларнинг сони тўрт нафаргача қисқарган.

“Газпром” ахборот бошқармасида журналистларга маълум қилинишича, Predicto’нинг айрим рақамли ечимлари “Газпром-медиа” ҳолдинги таркибидаги “Газпром Медиа ЦР” бўлинмаси буюртмаси асосида ишлаб чиқилган. Нашр маълумотларига кўра, бу ечимлар Рақамли ривожланиш вазирлиги реестрига маҳаллий дастурий таъминот сифатида киритилган.

Роскомнадзор эса аудиовизуал сервислар томонидан “ҳуқуққа зид ахборот”ни аниқлаш учун кўриладиган “ҳар қандай техник ва ташкилий чоралар”ни олқишлашини билдирган. Идора қўшимча қилишича, автоматлаштирилган ечимлардан фойдаланиш платформаларга қонунчиликни бузувчи контентни мустақил аниқлаш имконини бериши керак.

“Газпром-медиа” ҳолдинги Premier онлайн-кинотеатрига, Yappy вертикал видеосервисига, ТНТ ва “Пятница” телеканалларига, шунингдек Rutube платформасига эга. Россия ҳокимияти Rutube’ни YouTube’га эҳтимолий муқобиллардан бири сифатида кўради.

Россияда “тарғибот” учун жавобгарлик қатъийлаштирилгани ва мавжуд бўлмаган халқаро ҳаракат “экстремистик” деб тан олинганидан кейин онлайн платформалар филм ва сериаллардан қонунбузилиши деб талқин қилиниши мумкин бўлган саҳналарни олиб ташлай бошлади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров