Жаҳон | 20:56 / 14.01.2026
2781
3 дақиқада ўқилади

Трамп маъмурияти Гренландияни 700 миллиард долларга сотиб олмоқчи

Яна бир вариантда Гренландияни референдум орқали Қўшма Штатларга қўшиб олиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Фото: AFP/Getty Images

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Америка Қўшма Штатлари томонидан Гренландияни сотиб олиш бўйича расмий таклиф тайёрлашга кўрсатма олди, деб хабар берди Оқ уйдаги исми ошкор этилмаган юқори мартабали амалдор NBC News телеканалига.

Таъкидланишича, бу ҳозир Доналд Трамп учун энг устувор режа ҳисобланмоқда. Агар АҚШ ҳукумати президентнинг мақсадига эриша олса, Даниянинг ўзини ўзи бошқарадиган ҳудуди учун 700 миллиард долларгача тўлаши мумкин. Телеканалнинг учта манбасига кўра, оролнинг қийматини олимлар ва АҚШ маъмуриятининг собиқ амалдорлари айнан шундай баҳолаган.

Шу билан бирга, Трамп ва унинг энг яқин маслаҳатчилари Гренландияни референдум орқали Қўшма Штатларга қўшиб олишни афзал кўрмоқда. Бу ҳақда Politico нашри икки манбага таяниб ёзди.

14 январ куни АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва давлат котиби Марко Рубио Трампнинг ниятлари ва таклифларини яхшироқ тушунтириш учун Вашингтонга махсус борган Гренландия ва Дания расмийлари билан учрашув ўтказади, деб таъкидлайди NBC News.

Аввалроқ, Трамп ижтимоий тармоқларда Гренландия миллий хавфсизликни таъминлаш ва «Олтин гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизимини қуриш учун кераклигини ёзган эди. Шу билан бирга, у Гренландияни босиб олиш жараёнига НАТО бошчилик қилиши кераклигини қўшимча қилди.

Трамп сўнгги ҳафталарда АҚШ Гренландияга даъвогарлигини бир неча бор таъкидлаган. У оролни эгаллаш зарурлигини «Гренландия атрофида рус ва хитой кемалари борлиги» билан асослади. Гренландия бош вазири орол аҳолиси АҚШ ва Даниядан бирини танлашига тўғри келса, улар Данияни танлашини айтган эди. Бунга Трамп «бу уларнинг муаммоси» деб жавоб берди.

Reuters агентлиги манбаларга таяниб ёзишича, АҚШ расмийлари Гренландия аҳолисини Даниядан ажралиб чиқиб, АҚШга қўшилишга кўндириш учун ҳар бирига 10 мингдан 100 минг долларгача бир марталик тўлов ажратиш имкониятини ҳам муҳокама қилган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид