Жаҳон | 08:40 / 14.01.2026
3231
4 дақиқада ўқилади

Украинада Тимошенко билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган коррупция иши очилди

Украинадаги коррупцияга қарши органлар Олий рададаги фракцияларнинг бирини бошқарадиган шахснинг коррупцияси фош этилганини маълум қилди. “Украинская правда” нашри манбалари ва депутат Алексей Гончаренко бу Юлия Тимошенко эканини билдирди.

Фото: Siavosh Hosseini/SOPA Images/ZUMA

Украина Миллий антикоррупция бюроси (УМАБ) ва Ихтисослаштирилган антикоррупция прокуратураси (ИАП) маълум қилишича, улар Олий рададаги фракцияларнинг бирини бошқарувчи шахсни “айни шу шахс раҳбарлик қилмайдиган фракцияларга мансуб бир қатор халқ депутатларига муайян қонун лойиҳалари бўйича ‘ҳа’ ёки ‘йўқ’ деб овоз бериши учун ноқонуний манфаат (пора) таклиф қилиш” ҳолатида фош этган. Бу УМАБнинг Telegram’даги хабарида 2026 йил 13 январ, сешанба куни кечқурун келтирилган.

“Дастлабки квалификация: Украина Жиноят кодексининг 369-моддаси 4-қисми”, — деб аниқлик киритган бюро.

“Украинская правда” нашри манбаларига кўра, гап Украина собиқ бош вазири Юлия Тимошенко ҳақида кетмоқда ва айни пайтда Киев шаҳридаги Туровская кўчасида жойлашган унинг “Батькивщина” партияси офисида тинтувлар ўтказилмоқда.

Шу маълумотни депутат Алексей Гончаренко ҳам тасдиқлаган. “Юлия Тимошенко. Бир неча депутатлар билан пул эвазига ‘Батькивщина’ фракциясига ўтиш ёки норасмий тарзда қўшилиш бўйича музокаралар олиб борган. Депутатлардан кимдир буни ёзиб олган ва материалларни УМАБга топширган”, — деб ёзди у Telegram’да. У, шунингдек, УМАБ кўрсатган модда бўйича “мулкни мусодара қилиш билан ёки мусодара қилмасдан, тўрт йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум этиш” жазоси назарда тутилишини қўшимча қилди.

УМАБ ва ИАП 2025 йил 27 декабрда, тергов маълумотларига кўра, Олий радада овоз бериши учун тизимли равишда “ноқонуний манфаат” (пора) олиб келган амалдаги Украина халқ депутатлари гуруҳини фош этганини билдирган эди. УМАБ шунингдек, Рада қўмиталаридаги тергов ҳаракатлари вақтида Давлат қўриқлаш бошқармаси (ДҚБ) ходимлари қаршилик кўрсатаётганини маълум қилган.

Депутат Гончаренко ўшанда Telegram’да УМАБ Рада ҳузуридаги Транспорт масалалари бўйича қўмита биноларида тергов ҳаракатлари олиб бораётганини ёзган. “Рада Транспорт масалалари бўйича қўмитаси раиси, Шефирнинг (Сергей Шефир — 2019–2024 йилларда президентнинг биринчи ёрдамчиси, ‘Квартал 95’ студиясининг ҳамтаъсисчиси — таҳр.) ва (Украина президенти Володимир — таҳр.) Зеленскийнинг дўсти — Юрий Киселга ҳам саволлар бор”, — дейилган эди унинг хабарида.

Украинанинг “Зеркало недели” онлайн нашри эса шундай ёзган: “Сергей Шефир УМАБнинг энергетика соҳасидаги коррупция иши бўйича терговида, ‘Миндич тасмалари’ номи билан маълум бўлган ишда тилга олинган. Бу ‘Энергоатом’ ва бошқа давлат корхоналари орқали маблағларни ювиш схемаларига тааллуқли бўлиб, ҳажмлар тахминан 100 млн долларга етган”.

“Батькивщина” бирлашмаси партияси етакчиси, халқ депутати, 65 ёшли Юлия Тимошенко Украина бош вазири лавозимини 2005 йилда ва 2007–2010 йилларда эгаллаган. 2004 йилда Виктор Юшченко билан бирга инқилобнинг ташкилотчиси ва етакчиларидан бири бўлган. Уч марта Украина президенти лавозимига номзод бўлган: 2010, 2014 ва 2019 йилларда.

Қочиб кетган президент Виктор Янукович ҳукмронлиги даврида Тимошенкога нисбатан бир қатор жиноий ишлар қўзғатилган: 2011 йил августда у ҳибсга олинган, ўша йил октябрда эса 2009 йил январда Россия билан газ шартномаларини тузишда ҳокимият ваколатларини ва хизмат ваколатларини суиистеъмол қилгани иши бўйича 7 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2014 йил февралда Майдан воқеалари вақтида озод этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид