Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ватан ҳимояси — шарафли ва масъулиятли бурч” — Президент табриги
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан табрик йўллаб, ҳарбий хизматчиларга самимий тилаклар билдирди ҳамда армияни замонавий қурол-яроғ ва илғор технологиялар билан таъминлаш ишлари изчил давом этишини таъкидлади.
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон президенти, Қуролли кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги йўллади.
Давлат раҳбари табригида аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, шунингдек, Қуролли кучлар фахрийларини самимий муборакбод этиб, ватан ҳимоясидек шарафли ва масъулиятли ишга ҳаётини бағишлаган юрт посбонларига юксак ҳурмат ва эҳтиром билдирди. Шу билан бирга, ватан олдидаги бурчини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлган қаҳрамонлар хотирасига чуқур эҳтиром изҳор этилди.
Президент Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган тарихий ўзгаришларда Қуролли кучларнинг муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлади. Давлат раҳбари ҳарбийларни буюк аждодлар анъаналарининг шонли давомчилари сифатида эътироф этиб, ватанга фидойи, жанговар сафларда доимо ҳушёр бўлган азму шижоат соҳиблари билан фахрланишини билдирди.
Табрикда кейинги йилларда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида Қуролли кучларнинг ҳарбий қудратини ошириш, бошқарув ва таъминот тизимини такомиллаштириш, қўшинларнинг жанговар салоҳиятини кучайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Жумладан, замонавий ахборот технологиялари асосида модернизация ишлари олиб борилаётгани, қўшинлар сафлари янги таълим ва тарбия олган малакали офицер ва сержантлар билан тўлдирилаётгани айтилди.
Шунингдек, шахсий таркибнинг касбий, интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, армияни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан босқичма-босқич таъминлаш ишлари давом этаётгани таъкидланди. Президент ёшлар ўртасида ҳарбий хизматга қизиқишни ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда халқ билан армия ўртасидаги бирлик ва жипсликни мустаҳкамлашга қаратилган ишлар қатъий давом эттирилишини билдирди.
Давлат раҳбари нутқида халқаро майдондаги мураккаб геосиёсий жараёнларга тўхталиб, мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда жанг ва бошқарув усулларини замон талаблари асосида янгилаш, юқори малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳи ва жисмоний тайёргарлигини мунтазам ошириш устувор вазифа бўлиб қолишини қайд этди.
Президент, шунингдек, миллий армияни замонавий қурол-яроғ, жумладан, сунъий интеллект асосида роботлаштирилган мажмуалар билан таъминлаш, қўшинларни бошқариш ва қарор қабул қилиш жараёнларига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этишга доимий эътибор қаратилишига урғу берди.
Табрик якунида Шавкат Мирзиёев ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилаб, ватан ҳимояси йўлида толмаслик ва ютуқ ҳамда зафарлар доимо ёр бўлишини тилади.
Мавзуга оид
19:15 / 13.01.2026
Президент ҳарбий полигонга бориб, машғулотларни кузатди (фото)
18:02 / 13.01.2026
Шавкат Мирзиёев Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи фаолияти билан танишди
15:51 / 13.01.2026
«Замонавий уруш табиати тубдан ўзгарди» – президент Хавфсизлик кенгаши йиғилишида
17:57 / 12.01.2026