Жаҳон | 13:33 / 15.01.2026
3097
3 дақиқада ўқилади

Кипрда “Уралкалий” собиқ раҳбари йўқолиши: эркак кишининг жасади топилди

Кипрда бир ҳафтача олдин йўқолган “Уралкалий”нинг собиқ раҳбари Владислав Баумгертнер қидируви олиб борилаётган ҳудудда эркак кишининг жасади топилди. Жасад айнан россиялик бизнесменга тегишлими-йўқми, ДНК таҳлилидан сўнг маълум бўлади.

Фото: Global Look Press

Кипрда “Уралкалий” компанияси собиқ раҳбари Владислав Баумгертнернинг тахминан бир ҳафта олдин йўқолиб қолиши ортидан олиб борилаётган қидирувлар минтақаcида эркак кишининг жасади топилди. Ҳозирча унинг шахси аниқланмаган. Бу ҳақда 14 январ, чоршанба куни грек тилидаги Philenews онлайн-нашри ёзди.

Нашрда қайд этилишича, жасад Авдиму ҳудудида топилган ва у кучли даражада чириган ҳолатда бўлган. “Эртага у россиялик бизнесменми-йўқми аниқланади”, — дейилади маълумотда. Шахсни тасдиқлаш ДНК таҳлили натижаларига кўра амалга оширилиши режалаштирилган.

Грек журналистлари таъкидлашича, “ҳозирча полиция жасад 56 ёшли россиялик бизнесмен Владислав Баумгертнерга тегишли эканини тасдиқламаяпти”. У 7 январ куни Лимассолда йўқолгани айтилмоқда.

Шу куннинг ўзида Россиядаги “Фонтанка” онлайн-нашри қидирувда иштирок этган манбаларга таяниб, гап ҳақиқатан ҳам Владислав Баумгертнернинг жасади ҳақида кетаётганини ёзган.

Россиялик журналистлар маълумотига кўра, бизнесмен 8 январ куни бедарак йўқолган. Кипр полицияси эса унинг йўқолгани ҳақида 11 январда хабар қилган. Унинг мобил телефони сигнали охирги марта 10 январ куни Писсури қишлоғи атрофида — “тиқ, қояли соҳил” яқинида қайд этилган.

Нашрга кўра, уни аввалига тоғли ҳудудда излашган, кейинчалик “Уралкалий” собиқ раҳбарининг жасади жарлик ичида топилган. “Фонтанка” Баумгертнер тоғга чиқиш билан фаол шуғулланганини ва бу сафар ҳам, тахминан, навбатдаги маршрутни босиб ўтишга қарор қилганини ёзади. Манба маълумотларига кўра, полиция унинг ҳалок бўлиши бўйича асосий версия сифатида бахтсиз ҳодисани кўриб чиқмоқда.

Шу орада, айрим ОАВ Баумгертнер йўқолган куни Кипрда Россия элчихонаси ходими Антон Панов ҳам ўлик ҳолда топилганини эслатади. Маълумотда у элчихонада криптограф бўлиб ишлагани ва РФ махсус хизматлари билан боғлиқ бўлгани айтилади.

Ўша куни ижтимоий тармоқларда махфий камерага олинган видеоёзув ҳам тарқалган: унда юқори лавозимли Кипр амалдорлари коррупцион схемаларни, жумладан россияликларга Европа Иттифоқи санкцияларини айланиб ўтишда ёрдам бериш масалаларини муҳокама қилаётгани акс этган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид