Жаҳон | 09:12
2272
3 дақиқада ўқилади

−10°Cда ўчиришлар: Киевда электр, сув ва иссиқлик таъминоти издан чиқди

Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) РФнинг Украина энергетикасига берган зарбаларини “инсониятга қарши жиноятлар” деб баҳолади. Бу ҳақдаги хабар УХХнинг Telegram каналида пайшанба куни, 15 январ куни эълон қилинди. Баёнотда бу “Кремлнинг украин халқини йўқ қилишга қаратилган изчил сиёсати” экани таъкидланади.

Фото: Danyil Bashakov/AP Photo/picture alliance

Украина томони иситиш мавсуми бошланганидан буён РФ томонидан мамлакатнинг энергия объектлари ва иссиқлик таъминоти тизимларига қарши 256 та ҳаво ҳужуми ҳужжатлаштирилганини билдирган. Баёнотда қайд этилишича, 2025 йил октябр бошидан РФ кучлари “мақсадли равишда Украинадаги 11 та гидроэлектростанция ва 45 та энг йирик иссиқлик электр марказларига” ҳужум қилган. Шунингдек, ҳужжатга кўра, РФ ҳарбийлари иссиқлик электр станцияларига 49 та аниқ ҳаво зарбаси, Украина турли ҳудудларидаги электр подстанцияларига эса 151 та зарба берган.

Ҳужумлар “Герань” дронлари, шунингдек, “Искандер”, “Калибр”, “Х-101”, “Х-69” туридаги баллистик ва қанотли ракеталар ёрдамида амалга оширилгани айтилган.

Энг кўп ўққа тутишлар Киев шаҳри ва Киев вилояти, Харкив, Одесса, Днипропетровск, Суми, Миколайив ва Чернихив вилоятларидаги объектларга тўғри келган.

Киев таъкидлашича, кескин совуқ тушган пайтдаги зарбалар электр ва иссиқликнинг кенг кўламда ўчишига, шунингдек, миллионлаб украин фуқаролари уйларида сув таъминоти узилишига олиб келган.

The New York Times 15 январ куни бу қишда пойтахтдаги вазиятни уруш бошланганидан бери “энг оғир” деб атаган.

10 январ куни кундузи Киев шаҳар ҳокимияти фавқулодда электр узилишларини жорий қилди, сув таъминоти, иссиқлик таъминоти ва электр транспорти тизимлари иши ҳам тўхтатилди. Бу ҳақда Киев шаҳар давлат маъмурияти (КШДМ) ижтимоий тармоқларда “Укрэнерго” давлат компанияси кўрсатмасига таяниб хабар берди.

Шаҳар мэри Виталий Кличконинг айтишича, 9 январ кечаси Украина энергетика инфратузилмасига берилган оммавий Россия зарбасидан кейин электр узатишда узилишлар пайдо бўлган, пойтахтдаги кўп қаватли уйларнинг тахминан ярми иссиқликсиз қолган. Кличко Киев аҳолисининг имконияти бўлса, иссиқлик ва энергиянинг муқобил манбалари бор шаҳар ташқарисидаги уйларга вақтинча чиқиб туришга чақирган.

Киев вилояти маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко КШДМнинг тезкор ўчиришлар ҳақидаги хабари ортидан мутахассислар муаммони ҳал қила олганини, тез орада Киев қайтадан график асосида ўчиришлар режимига қайтишини айтган. Пойтахтда ҳаво ҳарорати Целсий бўйича −10 даражагача тушган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид