Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина ҳаво мудофаа тизими уриб тушираётган Россия ракеталари улуши камайди
The Kyiv Independent нашри Dragon Capital экспертларига таяниб ёзишича, 2026 йил январининг биринчи ярмида Украина ҳаво мудофаа тизими Россия томонидан учирилган ракеталарнинг 36 фоизинигина йўқ қила олган. 2022 йил октябридан бери ўртача кўрсаткич 60 фоиз атрофида бўлган.
Фото: Getty images
Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) воситалари ёрдамида йўқ қила олаётган Россия ракеталари улуши сўнгги вақтда қисқарган. Бундай хулосаларни 14 январ, чоршанба куни The Kyiv Independent онлайн-нашри Dragon Capital инвестиция компанияси экспертларига таяниб эълон қилди.
Муаллифлар Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари ҳисоботларини таҳлил қилиб, 2026 йил январининг илк икки ҳафтасида Украина Россия учирган 73 та ракетадан 26 тасини уриб туширишга муваффақ бўлганини ҳисоблаб чиққан. Бу 36 фоизга тўғри келади. Нашрда қайд этилишича, 2022 йил октябридан бери мазкур соҳадаги ўртача кўрсаткич 60 фоизни ташкил этган.
12–13 январ кунлари кечаси Россия томонидан Украинанинг бир неча шаҳрига қилинган ҳаво ҳужумини қайтариш чоғида, Украина Ҳаво кучлари, ўз маълумотларига кўра, 18 та ракетадан атиги иккитасини йўқ қилган, деб ёзади муаллифлар.
Шунингдек, янги йилнинг илк икки ҳафтасида Россия Украинага қарши 1852 та дрон учирган, уларнинг 83 фоизи уриб туширилган.
Россия Украинага ҳужумларда дронлар, баллистик, гипертовушли ва қанотли ракеталардан фойдаланади, улар асосан мамлакат энергетика тизимига зарба бермоқда. The Kyiv Independent қайд этишича, бу ҳужумларни қайтариш учун Украина ракетага қарши тизимлар, ушлаб қолувчи дронлар, мобил мудофаа воситалари (пулемёт ўрнатилган пикаплар), шунингдек қирувчи самолётлар ва вертолётлардан фойдаланади.
Бироқ ҳаво мудофаасини самарали олиб бориш имконияти ўқ-дорилар захирасига боғлиқ — жумладан Patriot ЗРКда ишлатиладиган PAC-3 ракеталарига ҳам. Украинада эса бундай ракеталар етишмаслиги айтилмоқда. Нашр Украина Шарқий ҳаво қўмондонлигида хизмат қилаётган, Free чақирув белгисига эга подполковникнинг сўзларини келтиради: “Бизда ўз вазифамизни бажариш учун етарлича ракета ва радарлар йўқ”. Унинг айтишича, Украина радарлари ҳар куни душман томонидан йўқ қилинади.
Украина президенти Володимир Зеленский бир неча бор Ғарб ҳамкорларини Киевга ҲҲМ соҳасидаги ёрдамни кучайтиришга чақирган.