Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Совуқ кунларда электр ва газ таъминотида чекловлар бўлиши мумкин – вазирлик
Ўзбекистонда ҳаво совиши даврида энергия ресурслари истеъмоли ортиши кутилмоқда, Энергетика вазирлиги айрим ҳудудларда вақтинчалик «техник чекловлар» бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу кунларда аҳоли ва ижтимоий объектларни таъминлашга устуворлик берилади. Истеъмолчилардан энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш сўралган.
Фото: Энергетика вазирлиги
Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин пасайиши туфайли энергетика тизими кучайтирилган иш режимига ўтказилади.
Энергетика вазирлиги электр, иссиқлик ва газ таъминоти объектларида қўшимча техник текширувлар ўтказилгани, энергия ишлаб чиқариш ва таъминлаш қувватлари ҳозирги об-ҳаво шароитларига мослаштирилганини маълум қилган. Масъул хизматлар кун-у тун кучайтирилган режимда ишламоқда.
«Совуқ кунларда энергияга бўлган талаб ортади. Айрим ҳудудларда вақтинчалик техник чекловлар бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда аҳоли ва ижтимоий объектларни барқарор таъминлаш устувор вазифамиз бўлади», – дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.
Вазирлик истеъмолчиларни электр энергияси ва табиий газдан оқилона фойдаланишга, иситиш ускуналаридан тежамкорлик билан фойдаланишга чақирган.
«Уй-жойларда иссиқликни сақлаш орқали ҳам энергия тежалади, ҳам хона илиқ бўлади», – дея қайд этади вазирлик.
Аҳолидан яна қуйидагилар сўралган:
- иситиш ускуналарини қаровсиз қолдирмаслик;
- улардан фойдаланиш вақтида хонада шамоллатишни таъминлаш;
- дудбурон ва вентиляция тизимларининг ишлаш ҳолати мунтазам текшириб туриш.
«Ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида ёпиқ хоналарда очиқ олов ёки носоз иситиш қурилмаларидан фойдаланмаслик, имкон қадар ис гази аниқлагич ускуналардан фойдаланиш тавсия этилади», – дейилган хабарда.
Электр энергияси ва газ таъминоти билан боғлиқ саволлар бўйича фуқаролар қуйидаги рақамларга 24/7 қўнғироқ қилиши мумкин: 1154 (электр таъминоти), 1104, 104 (газ таъминоти).
Аввалроқ, Ўзгидромет 17 январга ўтар кечаси Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳарорат пасайиши ва ёғингарчилик (ёмғир/қор) бўлиши ҳақида хабар берган эди.
Мавзуга оид
22:41 / 07.01.2026
«Метан заправкалар» фаолиятига 8 январдан яна чекловлар жорий қилинди
12:10 / 05.01.2026
Бойсунда нефт сизиб чиқди. Вазирлик вазият назоратга олинганини маълум қилди
22:13 / 29.12.2025
30 декабрдан барча «метан заправка»лар 24 соатлик иш режимида ишлайди – Энергетика вазирлиги
14:53 / 19.12.2025