Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президентнинг ИИВга эътирози, энергетик мустақиллик ва ўпирилган йўл — ҳафта дайжести
Қоидабузарлар Тошкентда 222 км/соат тезликда машина ҳайдади: бунинг учун жиноий жазо бўлиши керак. Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик кечикиши мумкин: ҳукумат 8 йилгача имтиёзли давр сўраяпти. Газ масаласи сиёсий кун тартибида: энергетик мустақилликни максимал таъминлаш вазифаси қўйилди. Давлатга нисбатан ишонч масаласи: президент интернетда видео чиқмагунча қимирламайдиган масъулларни танқид қилди.
Тугаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.
Камера қаршисида – навбатдаги узрлар
Автомобилни ҳаддан ташқари катта тезликда бошқариш, ҳайдаш ҳуқуқи бўлмаган шахснинг машина бошқаришига йўл қўйиб бериш каби юқори хавфга эга ҳуқуқбузарликлар учун қонунларда ёзилган жазолар мутлақо превентив эмаслиги борган сари яққолроқ кўзга ташланяпти.
Аввалги ҳафталардаги резонансли воқеаларга қарамай, одамда хавотир уйғотадиган, ўзимиз ва яқинларимизнинг кўча-кўйдаги хавфсизлиги борасида кўнгилга ғулғула соладиган ҳолатлар ҳамон рўй беряпти. Бу сафар Mercedes-Benz G классдаги шоввозлар Тошкент шаҳри кўчаларида нақ 222 км/соат тезликда ҳаракатланиб, ўз қилмишини интернетда мақтанди.
Масъуллар бу Geländewagen'даги Исматилло Комилжонов ва Шаҳзод Аҳмаджонов исмли икки қоидабузарни камера қаршисида узр сўраттириб, жаримадан ташқари “майда безорилик” моддаси билан 15 суткага қамаган бўлса ҳам, бундай қоидабузарларга қарши самаралироқ курашиш бўйича жамоатчилик сўраётган институционал чоралар масаласида сукут сақлаяпти.
Бизнингча, аҳоли пунктида, бўлганда ҳам миллионлаб одам яшайдиган шаҳар кўчаларида рухсат этилганидан каррасига юқори тезликда автомобил бошқариш – жиноят деб эътироф этилиши, тармоқларда кўплаб фаоллар ёзганидек, бундай қилмиш учун жиноятчи ҳайдовчилик ҳуқуқидан узоқ вақтга маҳрум этилиб, автомобили жиноят қуроли сифатида мусодара қилиниши керак. Бундай кескин чоралар бўлмас экан, қоидабузарлар тезлик учун максимал 6 млн сўмлик, чегирма билан 3 млн сўмга тушадиган жаримани жазо эмас, қоидабузарлик қилишга имкон берадиган “чипта нархи” деб ҳисоблашда давом этаверади.
Сўнгги кунларда “майда безорилик” моддаси билан қамалган яна бир шахс – фармацевтика соҳасидаги катта тадбиркорлардан бири Нозим Азизов. Унинг 13 ёшли икки эгизак ўғиллари Lexus ва бошқа автомобилларни бошқариб, жамоат хавфсизлигига таҳдид уйғотган, бир неча марта ҳатто светофорнинг қизил чироғидан ўтиб кетган. Кейинроқ Азизов бу масалада гаплашиш учун борган маҳалла одамлари билан жанжаллашиб кетган. Охир-оқибат ота ҳам, фарзандлари ҳам узр сўраб чиқди; отага 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
8 йилгача ўтиш даври
26 март куни Камерунда Жаҳон савдо ташкилотининг энг олий органи – Вазирлар конференцияси бошланади. Ўзбекистон айни шу конференцияда ташкилотга аъзо бўлиб кирмоқчи эди. Лекин афтидан, жараён чўзилиши мумкин. Бош музокарачи Азизбек Урунов буни Ўзбекистон томонига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан изоҳлади.
“Айрим мамлакатлар бор, ҳужжатларимизни кўриш жараёнини чўзмоқда. Қайси мамлакатлар эканини очиқласам нотўғри бўлади. Бор шунақа мамлакатлар. Улар билан гаплашиб, шу жараённи тезлаштиришга ҳаракат қиляпмиз”, – деди у.
Урунов ташкилотга аъзоликдан кейин ҳам импорт божлари орқали айрим соҳаларни ташқи рақобатдан ҳимоя қилиш 3 йилдан 8 йилгача давом этиши мумкинлигини айтди.
“Умумий олиб қараганда, ҳа, божлар камайтирилади, лекин биз учун таъсирчан соҳалар бор, улар бўйича тарифларни эркинлаштиришда 3 йил, 5 йил, 7 йил, 8 йилгача ўтиш даврини ҳам келишган жойларимиз бор. Таъсирчан йўналишлар деганда, бу қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, автомобил саноати кабилар бўлиши мумкин”, – деди Урунов.
Президент Ўзбекистоннинг энергия мустақиллигини максимал таъминлашни буюрди
Охирги йилларда кўп бора тилга олинаётган энергетик мустақиллик масаласи 10 март президент ҳузурида муҳокама қилинди. Президент администрациясида нефт-газ соҳаси бўйича шуъба мудири Беҳзод Норматовнинг сўзларига кўра, давлат раҳбари Ўзбекистоннинг “энергия мустақиллигини максимал таъминлаш” топшириғини берган. Топшириқ ижроси доирасида нафақат “Ўзбекнефтгаз”, балки Ўзбекистондаги газ захираларининг 25 фоизини бошқараётган хусусий ва хорижий корхоналарнинг ҳам самарадорлигини ошириш чоралари кўрилади.
“Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритаётган, ҳозирги пайтда захираларимизнинг 25 фоизини бошқараётган хусусий ва чет эл корхоналари бўйича маълумот берилди. Уларнинг ҳам ишлари кўриб чиқиш ва фаолиятлари самарадорлигини ошириш бўйича топшириқлар олдик.
[...] Президентимиз республикамизда газдан фойдаланиш, умуман, энергия тизимининг самарадорлигини қайтадан кўриб чиқиш кераклигини, максимал даражада Ўзбекистоннинг энергия мустақиллигини таъминлаш бўйича қанақа ишлар қилиниши кераклиги бўйича топшириқлар берди”, – деди Норматов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервюсида.
Бу йиғилиш – “Ўзбекнефтгаз”да раҳбар алмашганидан кейин президент ҳузурида мазкур соҳа бўйича ўтказилган охирги 2 ой ичидаги тўртинчи йиғилиш бўлди. Унда компания раҳбари Абдуғани Сангинов йил бошидан бери 11 та янги газ қудуғи ишга туширилганини маълум қилди. Йиғилишдан икки кун ўтиб, 12 март куни Устюртдаги яна бир қудуқдан табиий газ оқими олингани, уни истеъмолчиларга етказиш “тез кунларда” йўлга қўйилиши эълон қилинди.
Газ конларини ўзлаштириш бўйича айниқса Хитой компаниялари билан ҳамкорлик фаол йўлга қўйиляпти. 7 март куни “Ўзбекнефтгаз” Хитойнинг CNPC миллий корпорацияси таркибига кирувчи XIBU компанияси билан шартнома тузди. Унга асосан, 2026-2027 йилларда 30 та қудуқни бурғилаш учун 450 тонна юк кўтариш қувватига эга 10 та бурғилаш дастгоҳлари олиб келинади.
Шу фонда, Ўзбекистондаги энг таниқли хусусий пудратчилардан бири барча энергетика лойиҳаларидан четлатилиши мумкинлиги, унга қарашли ўнлаб компаниялар қарзларни тўлаш учун давлат томонидан сотилиши ҳақида хабарлар тарқаляпти. Ушбу хабарлар юзасидан ҳозирча расмий изоҳлар бўлмади.
“Ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласи ва тергов сифатидан норозилик кўп”
Давлат органларининг аҳоли мурожаатларига эътиборсизлиги сабаб одамларнинг давлатга бўлган ишончига путур етяпти. Бу ҳақда жума кунги селекторда президент Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди. Давлат раҳбари куни кеча ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлган ҳолатни мисол қилиб келтирди. Маълум бўлишича, Сергели туманидаги Жунариқ канали устидан ўтган кўприк бузиб ташланганидан кейин, узоқроқдаги бошқа кўприкка боришни хоҳламаган ўқувчилар канал устидан ўтган қувурдан кўприк сифатида фойдалана бошлаган.
Январ ойида бир мактаб ўқувчиси каналга тушиб кетганидан кейин, фуқаролардан бири кўприкни тиклашни сўраб мурожаат қилган, лекин 2 ой давомида бирортаям масъул бунга эътибор қаратмаган, фуқаронинг мурожаатига юзаки жавоб бериб юборилган.
“Ҳолат ижтимоий тармоқда тарқалганидан кейингина маблағ ҳам топилган, кўприк ҳам қурилган. Мурожаатлар билан ишлашдаги бундай камчиликлар одамларнинг давлатга бўлган ишончига путур етказмоқда”, – деди президент.
Шавкат Мирзиёев аҳолидан ички ишлар тизими бўйича тушаётган шикоятларга ҳам алоҳида эътибор қаратди.
“Айниқса, ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласи ва тергов сифатидан норозилик кўп. Жўраев, Ашрапов ҳар минг кишига нисбатан энг кўп ариза тушаётган Денов, Ургут туманлари, Самарқанд, Қарши, Наманган, Жиззах, Фарғона, Чирчиқ шаҳарларига бориб, аҳоли муаммоларини ечса бўлади-ку?” – деди давлат раҳбари.
Йиғилишда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича ҳукуматда тезкор штаб тузиш, ички ишлар ходимларининг касбий маданиятини ошириш, социологик тадқиқотлар кўлами ва сифатини ошириш каби қатор чоралар белгиланди.
Бир йилда 250 та ҳоким ёрдамчиси коррупцияга қўл урди
Одамларнинг давлатга бўлган ишончини белгилайдиган яна бир омил – коррупция даражаси. Бу ҳақдаги муҳокамалар марказида яна ҳоким ёрдамчилари турибди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Олий судга таяниб берган маълумотларга кўра, 2025 йилда республика бўйича 153 та жиноят иши доирасида 252 нафар ҳоким ёрдамчиси коррупцион жиноятлар учун жавобгарликка тортилган.
Ўтган йили коррупцияда айбланган 252 нафар ҳоким ёрдамчисидан 37 нафари озодликдан маҳрум этилган; 38 нафарига озодликни чеклаш, 12 нафарига жарима жазолари тайинланган. 160 нафар ҳоким ёрдамчиси коррупцион жинояти учун аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини олган.
Охирги мисоллардан бири – Тошкентнинг Яшнобод туманидаги маҳаллалардан бирида ишлаб келган ҳоким ёрдамчиси. У ўтган ҳафта ўз хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда 5 минг доллар олган пайтда қўлга тушганди. Бу иш доирасида туман ҳокимлигидаги бўлинма раҳбари ҳам 600 доллар билан ушланган. Ҳокимлик ходимлари турар жойни нотурар тоифага ўтказиб бериш ваъдаси билан фирибгарлик қилишда айбланяпти.
Бу ҳафта Рақобат қўмитаси ҳам 2025 йилга оид қизиқ бир статистикани очиқлади. Бу статистика коррупция энг илдиз отган йўналишлардан бири – давлат харидларига доир. Маълум бўлишича, ўтган йили қўмита текширган 23 мингта давлат харидида рақобатга зид 28 мингта ҳолат аниқланган. Қонунбузарликлар сони давлат харидлари сонидан ҳам кўплигига қараганда, бир эмас, бир нечта қоидабузарликлар билан ўтаётган давлат харидлари жуда кўп.
Рақобат қўмитаси ўтган йили қарийб 19 триллион сўмлик 23 мингта давлат харидини текширган бўлса, шундан 16 мингтасида рақобатга зид ҳаракатларни топган. Масалан, 8600 та ҳолатда муайян компаниялар учун имтиёзли шарт-шароитлар қилиб берилган. Бу каби ҳолатлар учун йил давомида қарийб 700 нафар мансабдор шахс маъмурий жаримага тортилган, дейилади расмий хабарда.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Кармана тумани ҳокими ўқитувчиларни ҳокимликка йиғиб, қарийб 1 соат турғизиб қўйди. Шоҳрух Болтаев тумандаги 9-мактабга бориб, ўқувчиларга турли саволлар берган, шеър айтиб беришни сўраган. Лекин ҳаяжонланган ўқувчилар шеър айтиб беролмаган. Бундан ғазабланган ҳоким мактабнинг барча ўқитувчиларини автобусга солиб, туман ҳокимлигига олиб боришни буюрган. У Kun.uz билан суҳбатда бу ишини “туманда таълим сифатини кўтаришга ҳаракат” деб изоҳлади. Мактаб вазирлиги амалдорларнинг педагоглар фаолиятига аралашишини “қаттиқ қоралаб”, ҳолат ўрганилаётганини маълум қилди.
Тошкентда 1,5 йил олдин қурилган йўл ўпирилиб тушди. Темур Малик кўчаси устидан ўтган йўл ўтказгичнинг Буюк ипак йўли кўчасига олиб чиқувчи қисмидаги тиргак девор бир неча кунлик ёғингарчиликка бардош беролмаган. Йўл ўтказгич 2024 йилда 128 млрд сўмга қайтадан қурилиб, ўша йили мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган эди. Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўра, ҳодисадан кейин ўтказилган текширувда кўприкнинг ўзида ҳеч қандай камчилик аниқланмаган. Ҳокимлик ҳолат бўйича атрофлича ўрганиш ишлари кетаётганини маълум қилди.
Хусусий қўлларга ўтганидан кейин зарарга кириб кетган “Кварц” заводи давлат ихтиёрига қайтарилгач, яна фойда билан ишлай бошлади. Молиявий ҳисоботига кўра, компания 2025 йилни 1,3 млрд сўм соф фойда билан якунлаган. Қайд этиш керак, “Кварц” АЖ хусусийлаштирилмасидан аввал йилига 50-60 млрд сўм соф фойда билан ишлаб келган, лекин 2023 йил февралида “Қувасойцемент” АЖга сотилганидан кейин ўша йили 22 млрд сўм, 2024 йилда эса 142 млрд сўм (!) зарарга кириб кетган эди. Компанияни бўлиб тўлашга олган харидор пулни тўлайвермагач, айрим воқеалардан кейин завод 2025 йил февралида давлат ихтиёрига қайтарилган.
Ўзбекистонда охирги икки ойда 45 та жиноий гуруҳ фош этилди. ИИВ хабарига кўра, январ–феврал ойларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш учун 6 мингдан ортиқ тезкор тадбирлар ўтказилган ва уларда 45 та жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган. 12 март кунги йиғилишда президент уюшган жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш, хусусан жанговар спорт турлари бўйича яширин тарзда уюштирилаётган ноқонуний жангларга барҳам беришни буюрди. Шунингдек, молиявий пирамидалар ва онлайн фирибгарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши кутилмоқда.
Электр ва газга ноқонуний уланганлик учун жазо оғирлаштирилди. 11 март куни имзоланган қонунга асосан, электр энергияси, иссиқлик, газ ва сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан ноқонуний фойдаланганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилди. Масалан, светга ноқонуний уланганлик учун жарима жисмоний шахслар учун 4–6 млн сўмдан 6–8 млн сўмгача ошириляпти. Мансабдор шахслар эса энди бундай қилмиш учун 12 млн сўмгача жаримага тортилиши мумкин. Қонун 3 ойдан кейин кучга киради. Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳуқуқбузарликни маъмурий жаримадан кейин такроран содир этиш жиноят ҳисобланади.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Мавзуга оид
11:23 / 14.03.2026
Метан-шохобчалар бугун соат 12:00 дан 16:00 гача очиқ бўлади
09:08 / 13.03.2026
2025 йилда 37 нафар ҳоким ёрдамчиси коррупцияда айбланиб қамалди — Антикоррупция агентлиги
07:23 / 13.03.2026
Жаҳонда геотермал энергетика: қайси давлатлар етакчи?
16:50 / 12.03.2026