Ўзбекистон | 18:59
2975
4 дақиқада ўқилади

Саноат корхоналарини пойтахтдан ташқарига кўчириш бошланди

Экология қўмитаси битта саноат корхонасини пойтахт ҳудудидан ташқарига кўчириш йилига 226 тоннадан ортиқ ташламани қисқартириш имконини беришини қайд этган.

Фото: Ўзиккиламчиранглиметалл АЖ

Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида иккиламчи рангли металларни йиғиш, қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Ўзиккиламчиранглиметалл» («Ўзвторцветмет») корхонаси атроф-муҳитга салбий таъсирнинг олдини олиш мақсадида Жиззах вилоятидаги саноат зонасига кўчириладиган бўлди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги 16-сонли фармонига мувофиқ, мамлакатда экологик жиҳатдан хавфли ва энергия сарфи юқори бўлган ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ҳамда уларни босқичма-босқич шаҳарлар ташқарисига кўчириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бир саноат корхонасини пойтахт ҳудудидан ташқарига кўчириш йилига 226 тоннадан ортиқ ташламани қисқартириш имконини беради.

Мазкур ҳужжатда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда Тошкент ва Нукус шаҳарлари, шунингдек, вилоят марказларидан асбест ва цемент саноати, чарм-пойабзал ҳамда паррандачилик ишлаб чиқаришлари, қора ва рангли металлургия, шунингдек, энергия истеъмоли юқори бўлган бошқа тармоқларга мансуб корхоналарни кўчириш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Хусусан, Тошкент шаҳрида фаолияти ушбу талабларга мос келадиган 87 та корхона мавжуд бўлиб, уларни кўчириш мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва технологик жараёнларни замонавий экологик стандартларга мувофиқлаштириш шарти билан босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган», – дейилади қўмита матбуот хизмати хабарида.

Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Махсус комиссия томонидан саноат объектларида доимий равишда рейд текширувлари ўтказилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт тумани Жанубий саноат зонасида иккиламчи рангли металларни йиғиш, қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ фаолияти текширилди. Мазкур корхона экологик хавфлиликнинг 1-тоифасига мансуб объект ҳисобланади.

2025 йил октябр ойида ўтказилган текширув натижаларига кўра, атроф-муҳитни ифлослантириш ҳолатлари аниқланган. Корхонага мажбурий кўрсатма берилиб, етказилган экологик зарар учун 18 миллиард 91 миллион 717 минг 137 сўм миқдорида компенсация ҳисобланган.

Махсус комиссия қарори ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси кўрсатмаларига асосан, атроф-муҳитга салбий таъсирнинг олдини олиш мақсадида корхона Жиззах вилоятидаги саноат зонасига кўчирилади ва Янгиҳаёт тумани ҳудудида ишлаб чиқариш фаолиятини тўхтатади.

Компенсация тўловлари бўйича берилган имтиёзлар ҳисобидан эскирган ва экологик жиҳатдан зарарли эритиш печлари утилизация қилинади ҳамда корхона фаолиятини замонавий экологик талабларга тўлиқ жавоб берадиган, технологик жиҳатдан такомиллашган ускуналарда давом эттиради.

«Кўрилган чора-тадбирлар натижасида йилига ўртача 226,7 тонна зарарли моддалар атмосферага чиқарилишининг олди олиниши кутилмоқда. Бу эса Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ҳаво сифатининг сезиларли даражада яхшиланишига хизмат қилади», –дейилган қўмита хабарида.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид