Туризм | 14:17
444
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 2030 йилгача 20 млн сайёҳни қабул қилишни режалаштирмоқда

Қирғизистоннинг “Кабар” миллий ахборот агентлиги Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган мақола чоп этиб, 2030 йилгача хорижий сайёҳлар сонини 20 миллионга етказиш ва соҳанинг иқтисодиётдаги улушини ошириш режалари ҳақида ёзди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

“Дунё” АА хабар қилишича, “Ўзбекистон 2030 йилгача хорижий сайёҳлар сонини 20 миллионга етказишни мақсад қилган” сарлавҳали мақолада мамлакатда туризмни ривожлантириш стратегияси доирасида соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини ҳозирги 3,5 фоиздан 7 фоизгача ошириш режалаштирилгани қайд этилган. Бунинг учун инвестицияларни фаол жалб қилиш, туризм хизматлари сифатини ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш муҳим йўналишлар сифатида кўрсатилган.

Мақолада келтирилишича, ҳозирда Ўзбекистонга ҳар йили 11 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюради. 2030 йилга бориб мазкур кўрсаткични 20 миллионга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, туризм хизматларининг йиллик экспортини 6 миллиард долларга чиқариш ҳам мақсад қилинган.

“Кабар” нашрида туризмни ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири сифатида инфратузилмани модернизация қилиш алоҳида таъкидланган. Хусусан, туризм шаҳарлари ўртасида транспорт қатновини яхшилаш, ички авиақатновларни кўпайтириш ҳисобига саёҳат вақтини камида 3 баробарга қисқартириш режалаштирилаётгани қайд этилган.

Шу билан бирга, мақола муаллифи Ўзбекистонда туристик йўналишларни диверсификация қилиш, ҳудудларнинг туризм салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини билдирган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид