16 феврал кунги президент фармони билан, янги таҳрирдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди. Шу асосда 2023 йилда қабул қилинган аввалги стратегия ўз кучини йўқотиб, келгуси 5 йиллик режалар қайта кўриб чиқилди. Kun.uz ҳужжатнинг кенг омма учун диққатга сазовор айрим бандларини санаб ўтади.
Таълим
Янгиланган стратегияга асосан, 2030 йилда боғча ва мактаблардаги ойлик маошлар миқдори 2023 йилга нисбатан 2 баробарга юқори бўлиши керак. Расмий статистикага кўра, таълим соҳасидаги ўртача маош (даромад солиғини ҳам қўшганда) 2023 йилда 3,1 млн сўм бўлган; 2025 йилда эса 4,4 млн сўмга етган.
Мактаблар ва боғчалардаги санитар шароитларни яхшилаш ҳам устуво вазифалар қаторига киритилган. Ҳужжатга кўра, ҳозирда “Уч юлдузли ёндашув” методологияси асосида сув, санитария ва гигиена шароитлари билан таъминланган боғчалар ва мактаблар улуши 30 фоизни ташкил этади. 5 йилдан кейин бу кўрсаткич 86 фоизга етиши кўзда тутилган.
Президент мактабларнинг баҳолаш тизими жорий этилган мактаблар улушини 33 фоиздан 50 фоизга етказиш, “Электрон доска” билан таъминланган мактаблар улушини эса 43 фоиздан 100 фоизга етказиш мақсад қилинган. 2025 йилда хусусий мактабларнинг улуши 6,3 фоиз бўлган бўлса, 5 йилдан кейин Ўзбекистондаги ҳар 10 та мактабдан 1 таси хусусий бўлиши керак.
Соғлиқни сақлаш
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда ўртача умр кўриш давомийлиги 75 йил-у 2 ойни ташкил этган. 2030 йилга бориб, шу кўрсаткични 78 ёшга етказиш мақсад қилиняпти. Бунинг учун маҳаллаларда 3 мингтадан ортиқ спорт майдончалари барпо этилади.
Шунингдек, давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига ажратиладиган маблағлар улушини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизига етказиш кўзда тутилган.
55 ёшдан ошган аҳолининг 90 фоизини ҳар йили профилактик тиббий кўрикдан ўтказиш, бу орқали юрак-қон томир касалликлари, хавфли ўсма, қандли диабет ва сил ташхиси қўйилган беморларнинг 50 фоизини ана шу профилактик кўрикларда аниқлаш режа қилинган.








