Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда хавфли рецидивист эркак ҳиндистонлик сайёҳнинг пулини тортиб олди
У Ўзбекистонга учиб келган Ҳиндистон фуқаросига ўзини киракаш сифатида таништирган ва манзилга элтиб қўйишини айтган. Сўнгра такси чақирган ва ҳайдовчи ўз укаси эканини маълум қилиб, сайёҳни машинага миндирган. Уларнинг инглиз тилидаги суҳбатини эса ҳайдовчи тушунмаган. Манзилга етиб келганда эркак сайёҳ ҳамёнидаги 250 еврони талончилик йўли билан тортиб олган.
Тошкентда ҳиндистонлик сайёҳнинг пулини тортиб олган эркак озодликдан маҳрум қилинди. У муқаддам ҳам талончилик ва ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш жиноятларини содир этган ва хавфли рецидивист деб топилган.
Kun.uz танишган суд ҳукмига кўра, 1987 йилда туғилган М.У. 2025 йил 16 октябр куни соат 2:40 ларда ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида Тошкент халқаро аэропортига борган. У аэропортда саёҳат қилиш учун Ўзбекистонга учиб келган Ҳиндистон фуқароси Нагоҳалли Лингаражу Ҳаршитни учратган.
М.У. сайёҳга ўзини киракаш сифатида таништирган ва манзилига арзон нархда олиб бориб қўйишини айтиб, уни алдаган. Сўнгра такси чақирган. Чақирувга биноан етиб келган таксист Б.Ж.нинг машинасига сайёҳни миндирган. Унинг жиноий режасидан таксистнинг хабари бўлмаган. Чунки М.У. сайёҳ билан инглиз тилида мулоқот қилган ва уларнинг суҳбатини таксист тушунмаган.
Айтилган меҳмонхона олдига етиб борганда таксист юкхонадан сайёҳнинг сумкасини олиш мақсадида машинадан тушган. Шу пайт М.У. машина эшикларини ичкаридан қулфлаб, орқа ўриндиқда ўтирган сайёҳнинг ҳамёнидаги 250 евро пулини тортиб олган. Сўнгра воқеа жойидан яшириниб, талончилик билан қўлга киритган пулларини шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
М.У. судда айбига иқрорлик билдирмаган. У аэропортга таржимонлик қилиб пул топиш мақсадида борганини, ҳиндистонлик сайёҳнинг пулини тортиб олмаганини айтган.
Нагоҳалли Лингаражу Ҳаршит эса М.У. машина ичида пулини тортиб олганини, унинг ҳаракатидан қўрқиб кетиб, “Help! Help” деб бақирганини ва автомобил эшигини урганини билдирган.
“2023 йилдан буён Полшадаги “Internation paper” компаниясида дастурчи бўлиб ишлайман. Баъзида бошқа давлатларга айланишга бориб тураман. 2025 йил октябр ойи бошида интернетда Ўзбекистон ҳақида маълумот кўрдим ва ушбу давлатга саёҳат қилишни хоҳладим.
2025 йил 15 октябр куни Полшадан Ўзбекистонга учиб келдим. Аэропортдан чиқиб, телефонимдаги Яндекс иловасидан меҳмонхонага такси чақирмоқчи бўлганимда, олдимга нотаниш эркак келиб, инглиз тилида мулоқотга киришди. У такси чақириб ўтирмаслигимни, ўзи таксичи эканини, меҳмонхонага олиб бориб қўйишини айтди. Мен рози бўлдим. Шунда у машинасини миниб келишини айтиб кетди ва кўп ўтмай кулранг машинада келди.
Машинада ҳайдовчи бўлганини кўриб, нима сабабдан бошқа шахс бошқарувидаги автомобилда келганини сўрадим. У ҳайдовчиси укаси эканини айтди. Мен орқа ўриндиққа ўтирдим.
Меҳмонхона олдига олиб келиб, ҳайдовчи юкхонадаги сумкаларимни олиш учун машинадан тушди. Мен 30 минг сўм олиб, йўловчи ўриндиқдаги шахсга узатдим. У кам эканини айтди. Ҳамёнимдан 10 минг сўм қўшиб, 40 минг сўм пулни узатдим. У яна камлигини айтди. Ҳамёнимдан яна пул олмоқчи бўлганимда эркак йўловчи ўриндиқни ётқизиб, мени қисиб қўйди ва эшикни қулфлади. Сўнгра ҳамёнимда бўлган 250 еврони пулни тортиб олди. Қўрқиб кетиб, “Help! Help” деб бақирдим ва машина эшигини урдим. Шунда ҳайдовчи келиб, эшикни очди”, деган сайёҳ ўз кўрсатмасида.
Сўнгра сайёҳ меҳмонхонага кириб, ИИБ ходимини чақириб беришни сўраган. Меҳмонхона ходими ИИБга хабар берган.
Судланувчи айбига иқрорлик билдирмаса-да, унинг қилмиши гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳамда бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.
ЖИБ Яккасарой туман судининг 2026 йил 18 февралдаги ҳукми билан М.У. талончилик жиноятини содир этишда айбли деб топилган. Унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Мавзуга оид
10:06 / 18.02.2026
Тошкентда қалбаки дори ва биологик қўшимча ишлаб чиқарган цех аниқланди
23:07 / 17.02.2026
Тошкентда фарзандини 7-қаватдан чиқарган аёлнинг руҳий ҳолати текширилади
20:20 / 17.02.2026
Тошкентда юз берган ёнғинда аёл ва икки бола ҳалок бўлди
11:56 / 17.02.2026