Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
РФ Украинага “Искандер” ва қарийб 100 та дрон билан ҳужум қилди
Украинага қарши тўлиқ кўламли урушни давом эттираётган Россия кучлари яна оммавий ҳужум уюштирди. Чоршанбага ўтар кечаси, 21 январда РФ Украинага қўшиб олинган Қрим ҳудудидан учирилган “Искандер-М” баллистик ракета билан зарба берди, шунингдек Shahed туридаги 97 та ҳужумкор учувчисиз аппарат, “Гербера” ҳамда бошқа турдаги дронлардан фойдаланди, деб хабар қилди Украина ҚК Ҳаво кучлари.
Фото: Виталий Носач / РБК-Украина
Дронлар Курск, Орёл, Ростов вилоятидаги Миллерово, Краснодар ўлкасидаги Приморск-Ахтарск ҳудудларидан, шунингдек Қримдаги Чауда бурунидан ва Россия эгаллаб олган Донецкдан учирилган. Ушбу дронларнинг қарийб 70 таси — Shahed туридаги дронлар. Украина ҳаво мудофааси бўлинмалари мамлакатнинг шимоли, жануби ва шарқида 84 та дронни уриб туширган ёки фаолиятини бостирган. ҚК маълумотларига кўра, баллистик ракета ҳамда 13 та ҳужумкор дрон 11 та нуқтада нишонга теккан, шунингдек битта жойда уриб туширилган дрон парчалари қулаган. Россия ҳужуми 21 январ эрталаб ва кундуз куни ҳам давом этган.
Украина Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, Россия ҳужуми натижасида Днипропетровск, Одесса, Запорижжя ва Харкив вилоятларида электр таъминоти қисман узилган.
“Украина энергия тизимидаги вазият мураккаблигича қолмоқда. Россиянинг энергетика инфратузилмаси объектларига доимий ҳужумлари оқибатларини бартараф этиш давом этяпти. Энергетикларнинг таъмирлаш бригадалари ва ‘Теплокоммунэнерго’ ходимлари тинимсиз ишлаяпти”, — деди энергетика вазири биринчи ўринбосари Артём Некрасов.
Унинг айтишича, Киев шаҳри ва Киев вилоятида вазият совуқ об-ҳаво сабаб юзага келган қўшимча юклама туфайли ҳали ҳам оғир. “Ёруғлик ва иссиқликни тиклаш ишларига бошқа вилоятлардан ва ‘Укрзализниця’дан авария бригадалари жалб қилинган. Тақсимлаш тизими операторлари тармоқ чекловларини қўллашда давом этяпти, соатбай ўчириш жадваллари вақтинча амал қилмайди”, — деб хабар қилди вазир ўринбосари. Унинг сўзларига кўра, Киевда сув таъминоти тикланган.
Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилишича, доимий Россия зарбалари оқибатида Киевда тахминан 4000 та уй иситишсиз қолмоқда, биноларнинг қарийб 60 фоизида эса электр таъминоти йўқ. Зеленский махсус “энергетик селектор” якунлари бўйича, пойтахт ва Киев вилоятидан ташқари энг оғир вазият Харкив шаҳри ва вилоятида, шунингдек Суми, Чернихив ва Днипропетровск вилоятларида кузатилаётганини айтди.
Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) раҳбари Олег Кипер Telegram орқали Россия ҳужуми оқибатида бир киши яраланганини хабар қилди. “Кечаси душман яна Одесса вилояти жанубига дронлар билан оммавий ҳужум қилди. Фуқаролик ва саноат инфратузилмасига зарар етди. Афсуски, бир киши жабрланди. Одесса туманида хусусий уй-жойларда шикастланиш ва вайроналар бор. Мебел маҳсулотлари сақланган омбор биноси вайрон қилинди”, — деб ёзди у.