Жаҳон | 21:56 / 20.05.2026
5896
3 дақиқада ўқилади

Путин Хитойга ташрифини якунлади: асосий маълумотлар

Россия президенти Владимир Путин 20 май куни Хитойга икки кунлик расмий ташрифини якунлаб, Пекиндан жўнаб кетди. Томонлар 42 та ҳужжат, жумладан, Кенг қамровли шериклик ва стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади ва қабул қилди.

Фото: kremlin.ru

РИА Новости хабарига кўра, дастурнинг асосий қисми 20 майга тўғри келди. Кун Тянанмен майдонида тўп отиш тантанали маросими билан очилди. Си Жинпинг билан расмий музокаралар дастлаб тор доирада, сўнгра делегациялар иштирокида қарийб уч соат давом этди. Учрашув чоғида Путин Си Жинпингни «қадрли дўстим» деб атади ва Хитой мақолидан иқтибос келтирди: «Бир кун кўришмасанг, худди учта куз фасли ўтгандек бўлади».

Россия делегацияси таркибига беш нафар бош вазир ўринбосари, саккиз нафар вазир, Марказий банк раҳбари, давлат корпорациялари раҳбарлари ва ҳудудлар раҳбарлари кирди. Энг муҳим шахслар орасида бош вазирнинг биринчи ўринбосари Денис Мантуров, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, молия вазири Антон Силуанов, Марказий банк раҳбари Элвира Набиуллина, шунингдек, Алексей Миллер («Газпром») ва Игор Сечин («Роснефть»), Герман Греф («Сбер»), Андрей Костин (ВТБ) бор.

Учрашув якунлари бўйича имзоланган ҳужжатлар қаторида кўп қутбли дунё ва янги турдаги халқаро муносабатларни шакллантириш тўғрисидаги қўшма декларация ҳам бор. Жорий йилда 25 ёшга тўлган яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома муддатини узайтиришга қарор қилинди. Путиннинг таъкидлашича, чорак аср давомида мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 30 баробардан ортиқ ўсди ва бир неча йилдан бери 200 миллиард доллардан юқори даражада сақланиб қолмоқда. Си Жинпинг сўзларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга ошган.

Музокаралар «Таълим йили»нинг (ҳар икки давлатда) очилиш маросими билан якунланди, кечқурун эса етакчилар тор доирада анъанавий чойхўрлик қилди - у ерда, президент ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, Украина, Яқин Шарқдаги уруш ва АҚШ билан муносабатлар ҳақида сўз борди.

Расмий кун тартибидан ташқари, Путин Дяоюйтай қароргоҳида 36 ёшли муҳандис Пен Пай билан учрашди, у билан биринчи марта 2000 йил июль ойида – Хитойга биринчи давлат ташрифи чоғида Пекиндаги Бейхай боғида кўришган эди. Кейинчалик Пен Пай Москвада ўқиди, шундан сўнг, ўз касби бўйича ишлаш учун туғилган Хунан провинциясига қайтди.

Ташрифнинг амалий натижаларидан бири икки давлат ўртасидаги визасиз режимнинг 2027 йил 31 декабргача узайтирилиши бўлди: Пекин биринчи бўлиб ўз қарорини эълон қилди, Москва эса бунга жавобан ўз чорасини узайтиради. Ҳозирги келишув амал қилаётган даврда Россияга Хитойнинг икки миллион фуқароси, Хитойга эса миллионга яқин россиялик борган.

Ташриф Доналд Трампнинг 15 май куни якунланган Пекинга ташрифидан бир ҳафта ўтмай амалга оширилди. Шундан сўнг Америка президенти Си Жинпинг унга Эронга қурол етказиб бермасликка ваъда берганини таъкидлаган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид