Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Бирга ҳаётни сақлаймиз” миллий донорлик акцияси ҳар ой ўтказилади
Беғараз қон донорлигини ривожлантириш бўйича янги тизим жорий этилади. Унда ҳар ой миллий донорлик акцияси, меҳнат жамоалари ва таълим муассасаларида донорлик тадбирлари, шунингдек ҳарбийлар иштирокида донорлик кунлари ташкил этиш назарда тутилган.
Президент қарорига кўра, 2026 йил 1 январдан беғараз қон донорлиги ҳаракатини ривожлантириш мақсадида қатор ташкилий чоралар йўлга қўйилади.
Хусусан, ҳар ой “Бирга ҳаётни сақлаймиз” миллий донорлик акцияси ўтказилади. Акция доирасида ҳар ойнинг 1-ҳафтаси мобайнида — қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида, ҳар ойнинг 3-ҳафтаси мобайнида — таълим, даволаш ва бошқа ташкилотларда қон донорлиги ташкил этилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Қуролли кучлари тизимига кирувчи вазирлик ва идоралар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳарбий хизматчилари ва ходимлари ўртасида йилда бир маротаба донорлик кунлари ўтказиш белгиланган.
Меҳнат жамоаларида донорлик кунларини ташкил этиш йўлга қўйилиши, умумий ўрта, ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотларида эса донорлик бўйича маънавий-маърифий тадбирлар ва учрашувлар ўтказилиши назарда тутилган.
Бундан ташқари, туғуруқда тиббий ёрдам кўрсатувчи ҳар бир муассасада қон ва унинг таркибий қисмлари шошилинч захираси ташкил этилиши ҳамда бу захира қон маҳсулотлари, жумладан плазма ва эритроцитар масса билан таъминланиши белгиланди.