Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳафта охирида ҳаво бироз илиши кутилмоқда
Дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади. Ҳарорат нисбатан кўтарилади: кечаси –3…+3, кундузи +5…+8 даража бўлади.
Фото: Kun.uz
23–24 январ кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.
Жума кундузи ва кечаси Ўзбекистон ҳудуди совуқ антициклон таъсири остида бўлади. Ҳаво ҳарорати асосан кундузи 0…–3 даража, шанбага ўтар кечаси –5…–8 даража бўлади.
Шанба кундузи совуқ антициклон Ўзбекистон ҳудудидан чекинади ва совуқ ҳаво массалари таъсири аста-секин кучсизланади. Ҳарорат кундузи 0…+3 даража атрофида бўлади.
Якшанба куни ҳаво ҳарорати нисбатан кўтарилади. Совуқ кечалари –3 даражадан +2 даражагача кучсизлашади, кундуз кунлари +5…+8 даражагача исийди.
Фақат Фарғона водийси вилоятларида жума кунининг биринчи ярмида баъзи жойларда кучсиз қор ёғади, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида шанбанинг ярмида баъзи жойларда бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.
25 январ куни фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларидан ташқари республиканинг айрим жойларида бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши мумкин.
Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши мумкин. 24–25 январда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15–20 метр/сониягача кучаяди, айрим жойларда баъзида 22–25 метр/сониягача кучайиши мумкин.
Тошкент шаҳрида жума ва шанба куни ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Якшанба куни асосан ёмғир кўринишида бироз ёғингарчилик бўлиши мумкин. Йўлларда баъзи жойларда яхмалак кузатилади.
Ҳаво ҳарорати бугун кундузи –1…–3 даража бўлади. Шанба куни кечаси –6…–8 даража, кундузи 0…+2 даража бўлади. Якшанба куни кечаси –1…+1 даража, кундузи +5…+7 даража бўлади.