Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трампнинг Давосдаги нутқи: хатолар ва чалкашликлар
Швейцариянинг Давос шаҳридаги Жаҳон иқтисодий форуми доирасида қилган чиқишида АҚШ президенти Доналд Трамп бир қатор баҳсли баёнотлар берди.
Фото: Harun Ozalp/Anadolu via Getty Images
Гренландияни қўлга киритиш истаги ҳақида гапираркан, у буни «кичик илтимос» деб атаган. Шунингдек, Трамп АҚШнинг НАТО мавжудлигига қўшган ҳиссаси ҳамда Хитойнинг шамол энергетикаси ҳақида гапирган.
Унинг бир соатдан ортиқ давом этган нутқида бир қатор ёлғон даъволар ҳам бор эди. BBC фактчекинг хизмати (BBC Verify) унинг нутқини синчиклаб текшириб, шундай хатоларни келтирди.
АҚШ Иккинчи жаҳон урушидан кейин «Гренландияни Данияга қайтарган»ми?
Сўнгги ҳафталарда Трамп бир неча бор Гренландияни қўлга киритиш истаги ҳақида гапирди – Дания қироллиги таркибига кирувчи мазкур ҳудуд кенг автономияга эга ҳисобланади.
Трамп Гренландия АҚШга миллий хавфсизликни таъминлаш учун кераклигини айтиб келади.
Давосда у Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ «Гренландияни Данияга қайтаргани»ни айтиб, шундай қўшиб қўйди: «Бу биз томонимиздан нақадар аҳмоқлик бўлганди».
Аммо Гренландия ҳеч қачон Американики бўлмаган – шундай экан, АҚШ уни «қайтара олмасди».
1933 йилда халқаро суд (БМТ Халқаро судининг ўтмишдоши) Гренландия Данияга тегишли экани ҳақида қарор чиқарган.
1941 йилда – Дания нацистлар Германияси томонидан эгаллаб олинганига бир йил бўлганида – АҚШ ва Дания вакиллари улкан орол нацистлар қўлига ўтишининг олдини олиш учун АҚШ Гренландияни ҳимоя қилишини кўзда тутувчи келишув имзолайди.
Ушбу келишувдан кейин Америка оролда бир қанча ҳарбий базалар қуради ва у ерларга ўз ҳарбийларини жойлаштиради.
Аммо бу келишув суверенитетни топширишни назарда тутмаган, яъни Гренландия ҳеч қачон АҚШ ҳудуди бўлмаган.
АҚШ НАТО мудофаа эҳтиёжларининг «деярли 100 фоизи»ни қоплаганми?
АҚШ президенти НАТОни танқид қилди ва Қўшма Штатлар тўлаётган бадал пуллари Шимолий Атлантика алянси бюджетига тушадиган барча бадал пулларининг деярли 100 фоизини ташкил этишини таъкидлади.
У НАТОга аъзо давлатларнинг улуши минимал даражада бўлгани, «улар илгари 2 фоизни ҳам қопламагани, энди эса 5 фоизини тўлаётгани»ни айтган.
Лекин унинг бу гаплари ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди.
Сўнгги йилларда АҚШнинг мудофаа учун харажатлари НАТО мамлакатларининг умумий харажатининг 70 фоизга яқинини ташкил этган.
2024 йилда бу кўрсаткич 65 фоизгача пасайган, 2025 йилда эса бу миқдор 62 фоиз атрофида бўлди, чунки НАТОнинг барча аъзолари тарихда илк бор ўз ялпи ички маҳсулотининг камида 2 фоизини мудофаа учун ажратишга рози бўлганди.
АҚШ президенти НАТО аъзолари мудофаа харажатларини ошириш мажбуриятини олишига эришди, аммо 5 фоизлик миқдор – узоқ истиқбол учун мақсад, бу нуқтага фақат 2035 йилга бориб чиқиш мумкин.
Айни вақтда НАТО аъзоларининг ҳеч бири ўз ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизини мудофаага йўналтирмайди. Ҳозирда ташкилотнинг Европадаги аъзолари орасида ўз ялпи ички маҳсулотидан энг кўп улушни мудофаага ажратаётган давлат Полша бўлиб, Варшаванинг 2025 йилдаги кўрсаткичи 4,5 фоизга яқин бўлган.
АҚШ НАТОдан ҳеч қачон ҳеч нарса олмаганми?
Трамп АҚШ НАТОдан «ҳеч қачон ҳеч нарса олмагани» ва «ҳеч қачон ҳеч нарса сўрамагани»ни айтди.
Шимолий Атлантика алянси веб-сайтида кўрсатилганидек, «коллектив мудофаа НАТОнинг энг муҳим тамойилидир» ва Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддасига кўра, НАТО аъзоларидан бирига қуролли ҳужум унинг барча аъзоларига ҳужум сифатида қаралади ва ҳар бир аъзо унга ёрдам бериш мажбуриятини бажариши керак бўлади.
АҚШ эса алянснинг 5-моддадан фойдаланган ягона аъзоси ҳисобланади.
2001 йил 11 сентябридаги терактлардан кейин НАТО аъзолари АҚШга «Анаконда» операцияси ва Афғонистондаги кейинги ҳарбий ҳаракатлар учун қўшинларини ҳамда техникаларини тақдим этган.
Бунга катта ҳисса қўшган давлатлар орасида Дания ҳам бор бўлиб, ушбу давлат АҚШнинг Афғонистондаги иттифоқчилари орасида аҳоли жон бошига энг кўп йўқотишларга учраган давлат ҳисобланади.
Дания ҳарбийлари Британия ҳарбийлари билан биргаликда мамлакат жанубида, асосан Ҳилманд вилоятида «Толибон»га қарши фаол жанговар ҳаракатларда қатнашганди.
Хитойда шамол электр станциялари йўқми?
Трамп «янги яшил фирибгарлик»нинг бир қисми бўлган шамол энергетикасини ҳам (АҚШ президенти учун аллақачон одатий нишон) танқид қилди.
У Хитойга алоҳида эътибор қаратиб, бу мамлакатда «бирорта ҳам шамол электр станциясини топа олмагани»ни айтди.
Ҳолбуки, Хитойнинг Гансу провинциясида дунёдаги энг йирик шамол электр станцияларидан бири жойлашган. Гансудаги шамол электр станциялари мажмуаси космосдан ҳам кўриниб туради.
Our World in Data маълумотларига кўра, Хитой дунёдаги энг йирик шамол энергияси ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.
2024 йилда Хитой 997 тераватт-соат шамол энергияси ишлаб чиқарган. Бу шамол энергияси ишлаб чиқариш бўйича дунёда иккинчи ўринда турадиган АҚШ кўрсаткичидан икки бараварга кўпдир.
Буюк Британия Шимолий денгизда нефт қазиб олишдан даромаднинг 92 фоизини оладими?
Доналд Трамп Буюк Британиянинг энергетика соҳасидаги сиёсатини ҳам кескин танқид қилган.
Хусусан, Трамп Шимолий денгизда нефт қазиб олиш мавзусида тўхталган: «Улар [Буюк Британия] нефт компаниялари учун қазиб олишни имконсиз қилади, улар даромаднинг 92 фоизини олиб қўяди». Бу эса мутлақо хато маълумот.
Шимолий денгизда ишловчи нефт ва газ компаниялари фойдадан корпоратив солиқнинг 30 фоизини ва қўшимча тариф бўйича яна 10 фоизини тўлайди. Бу бошқа соҳалардаги йирик компаниялар учун 25 фоизлик корпоратив солиқдан юқори.
2024 йил ноябр ойида Британия ҳукумати нефт ва газ компаниялари учун қўшимча фойда солиғини 35 фоиздан 38 фоизга оширди.
Шу тариқа, Шимолий денгизда нефт қазиб олиш учун умумий солиқ 78 фоизни ташкил қилади, у даромаддан эмас, балки фойдадан тўланади.
Электр энергияси учун тўловлар ошишига жавобан 2022 йилда жорий этилган қўшимча фойда солиғи 2030 йилгача қўлланади.
Трамп АҚШ иқтисодиётига 18 трлн инвестиция жалб қилганми?
Президент Трамп ўз маъмурияти Америка учун таъминлаган сармоялар ҳақида ҳам гапирди.
Ўзининг айтишича, у Оқ уйга қайтганидан бери АҚШ рекорд даражадаги 18 триллион доллар сармоя жалб қилган.
У бундай баёнотларни аввал ҳам берган – октябр ойида у АҚШ 17 триллион долларлик сармоя жалб қилганини айтди, аммо бу рақамларни тасдиқловчи аниқ маълумотлар йўқ.
Оқ уй сайтида бу борадаги сўнгги маълумотлар ўтган йилнинг ноябр ойига оид. Унда эса Трамп Оқ уйга қайтганидан бери инвестициялар 9,6 триллион долларни ташкил этгани кўрсатилган.
Рўйхатдаги энг йирик сумма – БААнинг қайта ишлаш саноати ва ишлаб чиқаришга киритган 1,4 триллион долларлик сармояси ҳисобланади.
БААнинг Вашингтондаги элчихонаси сайтида мамлакат АҚШ иқтисодиётига 10 йил ичида рекорд даражадаги 1,4 трлн АҚШ доллари миқдорида сармоя киритмоқчи экани айтилган.
Петерсон номидаги Жаҳон иқтисодиёти институти ходими Грег Оклернинг BBC Verify’га маълум қилишича, Оқ уй рўйхатига «амалга ошмаслиги мумкин бўлган ваъдалар ҳам киритилган». Масалан, унда АҚШнинг Гренландияга даъволари туфайли музлатиб қўйилган Европа Иттифоқи билан савдо келишуви ҳисобга олинган.
Чоршанба куни Европарламентнинг халқаро савдо бўйича қўмитаси «АҚШ қарама-қаршилик ўрнига ҳамкорлик йўлига қайтишга қарор қилмагунча» келишувни ратификация қилишни тўхтатиб туришини маълум қилди.
Оклернинг қўшимча қилишича, сўнгги бир йил ичида АҚШ иқтисодиётига киритилган хорижий сармоялар ўсиши кузатилган бўлса-да, Трампнинг «инвестицион кампанияси» натижаларини баҳолаш учун камида бир неча йил керак бўлади.
Мавзуга оид
22:37 / 23.01.2026
АҚШ расман ЖССТ таркибидан чиқди
19:58 / 23.01.2026
Тинчлик кенгаши: илк аъзоларнинг мотивлари нимада?
14:35 / 23.01.2026
«Россия кемаларини худди Қримдагидек Гренландияда ҳам чўктириш мумкин» – Зеленский
11:09 / 23.01.2026