14 май куни АҚШ президенти Доналд Трамп ва Хитой етакчиси Си Жинпинг Пекинда музокараларни бошлади. Бу АҚШ президентининг қарийб тўққиз йил ичида Хитойга амалга оширган илк ташрифининг бошланиши бўлди. New York Times'нинг ёзишича, бу саммит – икки давлат ўртасидаги таранг муносабатлар яхшиланиш-яхшиланмаслигини ва бунга эришиш учун нималар талаб қилинишини белгилаб беришга ёрдам беради.

Кутиб олиш маросими

Си Трампни Пекин марказидаги Халқ йиғинлари саройи ташқарисида кутиб олди. Улар қўл бериб кўришди, фахрий қоровул ҳамда қўлларида гуллар ва байроқлар бўлган ҳайқириқлар билан кутиб олаётган болалар ёнидан бирга юриб ўтдилар.

Сарой зинапояларида Трамп маъмуриятининг бир қанча мулозимлари — АҚШ давлат котиби Марко Рубио, молия вазири Скотт Бессент, мудофаа вазири Пит Ҳегсет, Оқ уй аппарати раҳбари ўринбосари Стивен Миллер ва бошқалар бор эди.

Улар орасида президентнинг ўртанча ўғли Эрик Трамп ҳамда Apple компаниясидан Тим Кук, Nvidia'дан Женсен Хуанг ва Tesla ҳамда SpaceX'дан Илон Маск каби бизнес етакчилари, шунингдек, Американинг бошқа йирик компаниялари раҳбарлари ҳам бор эди.

Икки томонлама учрашув

Халқ йиғинлари саройи ичкарисида Трамп ва Си икки соатдан кўпроқ вақт музокаралар ўтказди. Суҳбат икки томонлама муносабатларнинг аҳамияти ҳақидаги мулоҳазалар билан бошланди. Трамп уларнинг шахсий муносабатларига ҳам урғу берди.

«Сиз буюк лидерсиз, баъзан бу гапим одамларга ёқмайди, лекин мен буни барибир айтаман. Баъзилар буни тарихдаги энг йирик саммит бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Хитой ҳамда АҚШ ўртасидаги муносабатлар ҳар қачонгидан ҳам яхши бўлади», деди Трамп.