Авто | 07:43
2893
3 дақиқада ўқилади

Дунёда биринчи бор: Gemini асосидаги илк электромобил тақдим этилди

Volvo EX60 тўлиқ электромобилини намойиш қилди. Компания уни ўзининг “энг ақлли” автомобили сифатида тақдим этар экан, асосий урғуни — Google’нинг Gemini сунъий интеллекти билан чуқур интеграцияга қаратди. 

Volvo EX60 Фото: Volvo

Volvo’нинг таъкидлашича, EX60 Gemini билан ишлаш учун аввалдан лойиҳаланган биринчи Volvo бўлади ва ҳайдовчи автомобил билан оддий буйруқлар эмас, табиий мулоқот орқали ишлаш имкониятига эга бўлади.

Volvo маълумотига кўра, Gemini автомобилда қўлсиз (hands-free) тарзда ишлайдиган ёрдамчи бўлиб, кўп босқичли вазифаларни ҳам суҳбат шаклида бажара олади. Масалан, ҳайдовчи электрон почтадаги меҳмонхона брон қилиш манзилини топишни сўраши, ёки марказий экранга қарамасдан туриб турли вазифаларни бажариши мумкин.

Компания келгусида Gemini’ни янада чуқурроқ интеграция қилиш режасини ҳам айтган: вақт ўтиши билан СИ автомобил камералари кўраётган манзарага таяниб, атроф-муҳит ҳақидаги саволларга жавоб бериш даражасигача кенгайтирилиши мумкин.

EX60’нинг технологик асоси сифатида Volvo HuginCore деб аталган марказлашган ҳисоблаш тизимини кўрсатади. У автомобилнинг электр/электроника архитектураси, зона контроллерлари ва софтверини бир тизимга боғлайди ва машинани “software-defined car” (дастур орқали бошқариладиган авто) концепциясига яқинлаштиради.

Volvo’га кўра, EX60 ҳисоблаш қуввати 250 триллион операция/сониядан ошади ва машина ҳар бир юришда “ўрганиб боради”: бошқа Volvo автомобиллари йиғган маълумотлар (йўл ҳодисалари, хавфли ҳолатлар ва ҳ.к.) асосида хавфсизлик тизимлари доимий такомиллашиб бориши кўзда тутилган.

Reuters хабар беришича, EX60 — Volvo’нинг ўрта ўлчамли тўлиқ электр SUV’и бўлиб, у Европада ёзда бозорга чиқиши, кейинроқ АҚШда ҳам сотувга чиқиши кутилмоқда.

Volvo ўз ахборотида (олдинги эълон қилинган маълумотларга ишора қилиб) EX60 айрим конфигурацияда бир зарядда 810 кмгача юра олиши ва 400 кВт тез зарядлаш қувватида 10 дақиқада 340 кмгача юриш захирасини қўшиши мумкинлигини айтади (кўрсаткичлар WLTP асосида).

Шу билан бирга, ихтисослашган автонашрлар модел версияларига қараб WLTP бўйича 620 км атрофидаги кўрсаткичлар ҳам келтирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид