Жаҳон | 14:29
2108
2 дақиқада ўқилади

Daily Mail: Михаэл Шумахер юра олмаяпти, аммо ўтира оляпти

“Формула-1”нинг етти карра чемпиони Михаэл Шумахер оғир бош мия жароҳатидан кейин энди тўшакка михланиб қолмаган. Британиянинг Daily Mail нашри 26 январ, душанба куни номлари ошкор этилмаган манбаларга таяниб ёзишича, 57 ёшли спортчи ногиронлар аравачасида ўтира олади, аммо юра олмайди.

Фото: Getty Images

Шумахерга ҳали ҳам рафиқаси Коринна қарамоқда. Бундан ташқари, собиқ автопойгачи ҳамширалар ва терапевтлар жамоаси томонидан 24 соат давомида кузатув остида.

Daily Mail “қамалган одам синдроми” (locked-in syndrome) ҳақидаги миш-мишларни ҳам рад этган. Бу синдромда инсон онгли ва ҳис қилиш қобилияти сақланади, аммо ташқи таъсирларга ҳеч қандай жавоб қайтара олмайди — фақат кўзи орқали. Нашр манбаларидан бири: “У атрофида бўлаётганлардан ниманидир тушунаётгандек ҳис бор, лекин эҳтимол ҳаммасини эмас”, — деб тушунтирган.

Михаэл Шумахер “Формула-1” тарихидаги энг яхши пойгачилардан бири ҳисобланади. У Jordan, Benetton, Ferrari ва Mercedes жамоаларида жами 19 йил иштирок этган ва ушбу жаҳон чемпионатида қатор рекордларни ўрнатган.

2012 йилда Шумахер спорт фаолиятини якунлаган, 2013 йил охирида эса Франция Алпларидаги тоғ-чанғи курортидаги бахтсиз ҳодиса оқибатида бошидан оғир жароҳат олган. Шундан бери у омма олдида кўринмаган. Шумахер оиласи унинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги сақланишига қаттиқ эътибор қаратган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид