Жаҳон | 09:32 / 28.01.2026
2761
2 дақиқада ўқилади

Испания Россиянинг “соя флоти” танкерини қўлга олмади

Испания денгиз қутқарув хизмати қўлга олиш ўрнига Европа Иттифоқи ва Буюк Британия санкциялари остида бўлган Chariot Tide танкерини манзилига — Марокашнинг Танжер-Мед портигача кузатиб борди. Кемада двигател ишдан чиққан, аввалроқ уни Россияда ҳам кўришган.

Фото: Getty Images

Испания денгиз қутқарув хизмати сешанба, 27 январ куни Россиянинг “соя флоти” таркибига киради, деб тахмин қилинаётган Chariot Tide нефт танкерини унинг бориш нуқтаси — Марокашнинг Танжер-Мед портигача кузатиб бориш операциясини бошлади. Бу ҳақда Испания Транспорт вазирлигидаги манбаларга таяниб AFP агентлиги хабар берди.

Chariot Tide Мозамбик байроғи остида сузмоқда ва ноябргача Marabella Sun номи билан маълум бўлган. У 2024 йил ноябридан бери Европа Иттифоқи ва Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатида турибди. Танкер нима учун қўлга олинмагани ҳақида испан ҳукумат органлари изоҳ бермади.

AFP маълумотларига кўра, 22 январ куни кеманинг двигатели ишдан чиққан. Танкер “Марокаш соҳили яқинида” турган, кейин эса бўрон уни шарққа суриб кетган. Аввал кемa Марокаш жавобгарлик ҳудудига кирган, кейин эса Испания қидирув-қутқарув ишлари учун масъул бўлган ҳудудда “халқаро сувларда ҳаракатсиз” қолган. Испания томони танкердаги юкнинг тури ва ҳажми ҳақида маълумот бермади.

Кузатув платформаси — Global Fishing Watch маълумотларига кўра, 2025 йил декабри охирида Chariot Tide Ленинград вилоятидаги Вистино нефт терминалида турган, шундан сўнг Ўрта Ер денгизи томон йўл олган.

Россиянинг “соя флоти” асосан эски кемалардан иборат бўлиб, улар ғарбнинг суғурта ва рўйхатдан ўтказиш тизимларидан ташқарида ишлатилади. Шу йўл билан Россия Украинага қарши кенг кўламли ҳужумдан кейин жорий этилган Европа Иттифоқи санкцияларини айланиб ўтади. Нефт савдосидан тушган даромадлар, жумладан Ҳиндистон ва Хитой каби давлатларга арзонроқ нархларда сотишдан олинадиган маблағлар ҳам, урушни молиялаштиришга йўналтирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид