Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жаҳон чемпионати бош соврини Тошкентга олиб келинди
Кубок соф олтиндан ясалган бўлиб, оғирлиги 6,175 килограммни ташкил этади. У FIFA мулки ҳисобланади ва совринга фақат чекланган доирадаги шахслар қўл теккизиши мумкин.
Фото: Cоcа-Cоla
27 январ куни FIFA Жаҳон чемпионатининг энг нуфузли рамзи ҳисобланган бош соврин Тошкентга келтирилди. Лойиҳа Cоcа-Cоla компанияси ташаббуси билан ўтказилаётган FIFA Жаҳон чемпионати кубоги сафари доирасида ташкил этилди.

Бу гал кубокни Ўзбекистонга Италия терма жамоаси сафида жаҳон чемпиони бўлган Марcо Матераззи бошчилигидаги делегация олиб келди. Тантанали кутиб олиш маросими Тошкент халқаро аеропортида бўлди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, шунингдек, Ўзбекистондаги Cоcа-Cоlа компаниясининг бош директори Казумаса Мукае ва Cоcа-Cоlа İçеcек компанияси бош директори Фуркан Айдин иштирок этди.

Тадбир доирасида сўзга чиққан Ўзбекистондаги Coca-Cola компаниясининг бош директори Казумаса Мукае ушбу ташрифнинг рамзий ва тарихий аҳамиятига тўхталди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонга олиб келинган кубок Жаҳон чемпионати финалида ғолиб футболчилар қўлига кўтарадиган ҳақиқий кубок ҳисобланади.

“Биз бу кубокни бутун дунё бўйлаб олиб юрамиз. Асосий мақсад одамлар Жаҳон чемпионати ҳаяжонини яқиндан ҳис қилиши, футболнинг бирлаштирувчи кучини кўриши”, – деди Ўзбекистондаги Coca-Cola компаниясининг бош директори Казумаса Мукае
У, шунингдек, Cоcа-Cоlа компанияси ўнлаб йиллар давомида FIFA Жаҳон чемпионати кубоги сафарининг расмий ҳомийси бўлиб келаётганини таъкидлади.

Кубок ташрифи доирасида “Бунёдкор” стадионида мусобақалар ташкил этилди. Унда ўсмирлар терма жамоалари иштирокида машғулотлар, маҳорат дарслари ва рамзий ўйинлар ўтказилди. Машғулотлар давомида миллий терма жамоа афсоналари ёш футболчилар билан бир майдонга тушди. Ўйинларга Равшан Ирматов ҳакамлик қилди. Икки бўлимдан иборат учрашувлар футбол шарҳловчиси Даврон Файзиев томонидан жонли шарҳланди ва Ассоциациянинг расмий ижтимоий тармоқлари орқали намойиш этилди.

Шундан сўнг, футболчилар ва мухлислар учун автограф-сессия, суратга тушиш, совғалар топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланма олгани алоҳида эътироф этилди. Ўзбекистондаги Coca-Cola компаниясининг бош директори Казумаса Мукае бу натижани мамлакат футболи учун янги босқич дея баҳолади.
“Бу ўзбек футболининг жаҳон саҳнасига чиқаётгани яққол рамзи. Биз мазкур миллий ғурурни сиз билан бирга ҳис қиламиз,” – деди у.

Cоcа-Cоlа компанияси Ўзбекистон Футбол ассоциацияси билан беш йиллик ҳамкорликни бошлаётганини маълум қилди. Ҳамкорлик доирасида миллий терма жамоа ва ёш футболчиларни қўллаб-қувватлаш режалаштирилган.