Жаҳон | 09:21
1014
3 дақиқада ўқилади

Россия расман ЕИнинг “пул ювишга қарши” рўйхатига киритилди

Европа Иттифоқининг Россия Федерациясини пул ювиш ва терроризмни молиялаштириш хавфи юқори бўлган давлатлар “қора рўйхати”га киритиш ҳақидаги қарори кучга кирди. Бу рўйхатга аввалдан КХДР, Афғонистон, Эрон ва бошқа давлатлар киритилган.

Европа Иттифоқининг Россияни пул ювиш ва терроризмни молиялаштириш хавфи юқори бўлган давлатлар “қора рўйхати”га киритиш тўғрисидаги қарори кучга кирди. Бу ҳақдаги билдиришнома 29 январ, пайшанба куни ЕИ расмий журналида эълон қилинди. Қарорнинг ўзи эса Еврокомиссия томонидан 2025 йил 3 декабрда қабул қилинган эди. У Европарламент ёки ЕИ кенгаши томонидан бекор қилинмагани учун кучга кирди.

ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас бу чора Россиянинг Украинага қарши урушни молиялаштиришини қийинлаштириши кераклигини билдирди. “Менимча, Россияга босим ўтказиб, уни ҳақиқий музокараларга мажбурлашнинг ҳар қандай йўли мақбул”, — деди у.

Россия билан боғлиқ операцияларга Европа рўйхатига киритиш автоматик тарзда тақиқ қўйишга олиб келмайди. Амалда бу шунга тенг бўладики, бундай барча молиявий оқимлар бутун Европа Иттифоқи бўйлаб кучайтирилган мониторингдан ўтади — банклар, суғурта компаниялари, риелторлар ва бошқа воситачилар томонидан. Экспертлар огоҳлантиришича, бу энг аввало ЕИда яшайдиган ва Европа Иттифоқининг молия тизимидан тез-тез фойдаланадиган россияликларга кучлироқ таъсир қилиши мумкин. Шу билан бирга, мутахассислар ЕИга киришга уринган россияликлар учун ҳам муаммолар юзага келиши эҳтимолини истисно қилмайди.

Аввалги йилларда ЕИ бу масалада пул ювишга қарши кураш бўйича молиявий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш гуруҳи — FATF (Financial Action Task Force) рўйхатларига таянган эди. 2023 йилда FATF Россиянинг аъзолигини тўхтатган, аммо айрим давлатлар, жумладан Хитой, Ҳиндистон ва Саудия Арабистони эътирозлари сабабли уни “кулранг” ёки “қора” рўйхатларга киритмаган.

Европа Иттифоқида эса 2026 йилдан бошлаб ўзининг пул ювишга қарши агентлиги — Anti-Money Laundering Authority (AMLA) иш бошлади ва энди у FATF амалга ошира олмаган ишни қилмоқда. Россия Европа рўйхатидаги 30-давлатга айланди — КХДР, Афғонистон, Эрон, Яман, Сурия ва бошқа давлатлар қаторида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид