Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Страсбургда Россия демократик кучлари платформасининг илк йиғилиши ўтказилди
ЕКПАнинг Россия демократик кучлари билан мулоқот қилиш учун ташкил этилган платформасининг биринчи йиғилиши Страсбургда, иштирокчилардан бирининг норозилигига қарамай, ёпиқ эшиклар ортида ўтди.
Фото: Olga Tikhomirova/DW
29 январ, пайшанба куни Страсбургда Россия демократик кучлари платформасининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Уни ЕКПА (Европа кенгаши Парламент ассамблеяси) раиси лавозимига бор-йўғи уч кун олдин сайланган австриялик Петра Байр очди. У 2022 йил март ойида Россия Федерацияси Европа кенгашидан расман чиққанини эслатиб, Байр фикрича, бу Москва томонидан “сиёсий баёнот” бўлган.
“Режим демократия, инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва можароларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланган Европага тегишли бўла олмайди”, — дея таъкидлади ЕКПА раҳбари. Шу билан бирга, у Европа ассамблеясидаги янги орган олдида кўраётган вазифаларни баён қилди: “Россия — фақат режим эмас. Мамлакат ичида ҳам, ташқарисида ҳам урушни рад этадиган, ўз номидан содир этилаётган жиноятларни қоралайдиган, ўз юрти агрессор эмас, балки ҳамкор бўлишини истайдиган одамлар бор”. Платформа ана шу одамларга: “Европа сизларни унутмади”, деган ишорани бериши керак, деб тушунтирди Петра Байр.
Унинг давом этишича, Россия демократик кучлари платформаси келажакдаги демократик Россия учун пойдевор бўлиши, “келажакдаги демократик Россияга умумевропа қараши ҳақида жиддий мулоҳаза юритиш майдони, империал кун тартибисиз, реваншизмсиз, зўравонликни сиёсий восита сифатида қўллашсиз” бўлиши лозим. “Ғиштма-ғишт, ғояма-ғоя, масъулиятма-масъулият”, — деб образли тарзда ифода қилди Байр ўз чақирувини.
Платформанинг биринчи йиғилиши ЕКПА қўмиталари одатда тадбир ўтказадиган заллардан бирида бўлиб ўтди. Россия демократик кучларини намоён этувчи иштирокчиларни ташкилотчилар ассамблея депутатлари ўтирган столнинг икки тарафига жойлаштирди. Декабр бошида Парижда ўзаро тортишиб қолган Гарри Каспаров ва Владимир Кара-Мурза столнинг қарши томонларига тўғри келиб қолди.
Бу учрашув матбуот ва жамоатчилик учун ёпиқ қилинди. Журналистларга тадбир бошида, ЕКПА раиси нутқини эшитиш учун ўн дақиқа вақт ажратилди, шундан сўнг улардан чиқиб кетиш сўралди. Йиғилиш иштирокчиларидан бири — Любов Собол X ижтимоий тармоғидаги аккаунти орқали жонли эфир қилишни хоҳлади ва бу масалада овоз бериш ўтказишни Петра Байрдан сўради. Бунга жавобан ЕКПА раиси биринчи йиғилишни ёпиқ ўтказиш ҳақидаги қарорни шахсан ўзи қабул қилганини ва овоз бериш бўлмаслигини айтди.