Жаҳон | 09:27 / 02.02.2026
2058
3 дақиқада ўқилади

Венесуэлада қамоқдан ҳуқуқ ҳимоячиси ва фаоллар озод этилди

Венесуэлада сақлаш шароитлари ўта шафқатсизлиги ва қийноқлар қўлланиши билан ном чиқарган “Геликоид” (El Helicoide) қамоқхонасидан камида тўққиз киши озод этилди. Улар орасида таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Хавер Тарасона ва сиёсий фаоллар бор.

Хавер Тарасона ўнгда Фото: Federico Parra/AFP

Камида тўққиз киши якшанба, 1 феврал куни Венесуэла пойтахти Каракасдаги “Геликоид” қамоқхонасидан озод этилди. Бу қамоқхона режимга қарши чиққан Николас Мадуро мухолифларига нисбатан шафқатсиз сақлаш шароитлари ва қийноқлар билан машҳур. Озод этилганлар орасида таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Хавер Тарасона ҳамда бир неча сиёсий фаоллар борлиги ҳақида Венесуэладаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Foro Penal хабар қилди.

“Бугун, 1 феврал куни, 1675 кундан, 4 йил-у 7 ойдан сўнг, кутилган кун келди: Хавер Тарасона эркинликка чиқди, — деб ёзди ҳуқуқ ҳимоячисининг акаси Хосе-Рафаэл Тарасона X ижтимоий тармоғида. — Бу лаҳзани мумкин қилган барчага раҳмат. Бир инсоннинг озодлиги — барча учун умид”.

“Эркинликка қўйилган ҳар бир қадам ва таъқибларни бутунлай тўхтатиш йўлидаги илгарилашнинг аҳамияти катта”, — деб ёзди Foro Penal вице-президенти Гонсало Химиоб ўз микроблогида. Ушбу ташкилот баҳосига кўра, Венесуэлада сўнгги ҳафталарда 300 нафардан ортиқ сиёсий маҳбус озод қилинган, аммо 700 нафардан зиёди ҳали ҳам қамоқларда қолмоқда.

30 январ куни Каракасдаги ҳукумат юзлаб сиёсий маҳбусларни амнистия қилиш ва “Геликоид” қамоқхонасини ёпиш режасини маълум қилди. “Биз 1999 йилдан (Мадуронинг ўтмишдоши Уго Чавес ҳокимиятга келган даврдан — таҳр.) ҳозиргача бўлган сиёсий зўравонлик даврини қамраб олувчи умумий амнистия тўғрисидаги қонунни қабул қилишга қарор қилдик”, — деди Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи Делси Родригес мамлакат Олий судида чиқиш қилар экан.

АҚШ ҳарбийлари Венесуэла раҳбари Николас Мадурони 3 январга ўтар кечаси қўлга олганидан кейин, Каракас Вашингтон босими остида аввалроқ юзлаб сиёсий маҳбусларни озод этган эди — улар орасида таниқли мухолифат арбоблари ҳам бўлган. Венесуэла ҳукумати маълумотига кўра, озодликка чиққанлар сони 600 нафардан ошган, аммо ҳуқуқ ҳимоячилари бу рақамга шубҳа билан қарамоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид