Жаҳон | 01:13 / 02.02.2026
8198
2 дақиқада ўқилади

Зеленский ҳудудий масалани ҳал қилишнинг асосий шартини айтди

Украина етакчисининг сўзларига кўра, Киев Россия ва АҚШ иштирокидаги турли шакллардаги музокаралар учун очиқ. Аммо давлат раҳбарлари даражасидаги бевосита мулоқот ҳудудий масалаларни муҳокама қилишнинг асосий шарти ҳисобланади. 

Фото: Getty Images

Россия президенти Владимир Путин билан тўғридан-тўғри мулоқотсиз Украина бўйича ҳудудий масалани ҳал қилишнинг имкони йўқ, деди Украина президенти Володимир Зеленский Český rozhlas радиосига берган интервюсида.

Унинг сўзларига кўра, Киев Россия ва АҚШ иштирокидаги турли шакллардаги музокаралар учун очиқ. Аммо давлат раҳбарлари даражасидаги бевосита мулоқот ҳудудий масалаларни муҳокама қилишнинг асосий шарти ҳисобланади. 

«Россия раҳбари билан камида у ёки бу шаклда мулоқот қилиш имкониятига эга бўлишимиз лозим. Бусиз жамоаларимиз ҳудудий масалаларда келиша олмайди», — деб таъкидлади Украина етакчиси.

Зеленскийнинг қайд этишича, музокаралар мураккаб босқичда бўлиб, уларнинг якуни аниқ эмас.  У шунингдек, тинчлик режаси доирасида Россия билан «ҳудудлар алмашинуви» ҳақидаги хабарларга ҳам изоҳ берди. 

«Бу ҳақда айрим сиёсатчилардан эшитдим, лекин президент Трампдан эмас», — деди у.

АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг билдиришича, Донбасс масаласида Россия ва Украина орасида ҳали ҳам «жарлик» бор, аммо муаммоларнинг бир қисмини марказлаштиришга эришилди.  

Москва Донбасс, Запорижжя ва Херсондан украин қўшинлари олиб чиқиб кетилиши, бу вилоятлар ҳамда Қримни Россияга тегишли деб тан олишни талаб қилмоқда. Киев эса ўз ҳудудларини Россияга бериб қўймаслигини таъкидламоқда.  

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид