Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мудофаа харажатлари ошади: Францияда 2026 йил бюджети қабул қилинди
Кўп ойлик баҳс-мунозаралардан сўнг Франция ҳукумати 2026 йил учун давлат бюджети қабул қилинишини таъминлади. Мамлакат бош вазири Себастен Лекорню 2 феврал, душанба куни кечқурун бу ҳақда Х ижтимоий тармоғида хабар берди.
«Франция ниҳоят бюджетга эга бўлди. Аниқ қарорлар ва асосий устувор йўналишларни акс эттирадиган бюджет. Давлат харажатларини чеклайдиган ва уй хўжаликлари ҳамда корхоналар учун солиқларни оширишни кўзда тутмайдиган бюджет», деди у.
Қабул қилинган бюджет “парламентдаги муроса натижаси” сифатида — барча фракциялар таклиф этган тузатишларни ҳам ўз ичига олган ҳолда Франция давлат дефицитини ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)га нисбатан 5,4 фоиздан 5 фоиздан паст кўрсаткичга туширишга хизмат қилиши керак. Agence France-Presse қайд этишича, Лекорню аввал режалаштирган тежамкорлик чоралари дастлаб эълон қилинганидек кескин эмас. Шу билан бирга, мудофаа бюджети 6,7 млрд еврога оширилиб, 57,1 млрд еврога етказилади.
Бюджет қабул қилиниши арафасида ҳукуматга нисбатан яна икки марта ишончсизлик вотуми ташаббуси кўтарилди.
Бу гал биринчи вотум парламентдаги сўл лагер томонидан Франция Миллий мажлиси муҳокамасига киритилди ва 289 та зарур овоз ўрнига 260 та овоз олди.
Иккинчи ўхшаш таклиф ўта ўнг Миллий бирлашув партияси томонидан киритилди, у ҳам етарли қўллаб-қувватлов ололмади — 135 та овоз, холос.
Охирги ҳафталарда ҳукумат бюджетнинг айрим қисмлари бўйича тўрт марта ишончсизлик вотумини четлаб ўтгани айтилади. Октябрдаги вотумларни ҳам ҳисобга олганда, Лекорню — сўнгги икки йилдаги тўртинчи бош вазир ўта сўл ва ўта ўнг кучлар ташаббуси билан кўтарилган жами олти марта ишончсизлик вотумидан ўтган.
Белгиланган мақсадга эришилган тақдирда ҳам Франция давлат тақчиллиги Европа Иттифоқи белгилаган 3 фоизлик меъёрдан анча юқори бўлиб қолади. AFP қайд этишича, янги бюджет шароитида мамлакатнинг давлат қарзи ҳам эҳтимол ўсишда давом этади: ҳукумат 2025 йилда тахминан ЯИМнинг 116 фоизи бўлган қарз 2026 йилда тахминан 118 фоизгача кўтарилишини кутмоқда.
Франция президенти Эммануэл Макрон Себастен Лекорнюни 2025 йил 10 октябрда яна ҳукумат раҳбари этиб тайинлаган эди. Лекорню эса бундан тўрт кун олдин, 2026 йил бюджети бўйича келишувга эриша олмагани учун истеъфо берган. Тўрт ой давомида Париждаги депутатлар бюджет юзасидан муросага келолмади. Уни қабул қилиш учун Лекорню мамлакат конституциясининг 49.3-моддасини қўллашга мажбур бўлди — гарчи лавозимга киришганда буни қилмасликка ваъда берган бўлса ҳам. Ушбу модда ҳукумат кейинги ишончсизлик бўйича овоз беришдан ўта олса, қонун қабул қилинган деб ҳисоблаш имконини беради.
Сўнгги икки йил ичида Макрон тўрт нафар бош вазирга бюджет тақчиллигини қисқартириш ва давлат молиясини мувозанатлаш вазифасини юклаган. Франциянинг давлат қарзи ҳозир Евроиттифоқда Греция ва Италиядан кейин учинчи энг катта кўрсаткич ҳисобланади.
Мавзуга оид
08:59 / 15.06.2026
Зеленский G7 саммитида Трамп билан учрашишини маълум қилди
20:32 / 13.06.2026
Ўзбекистонликлар учун Францияда мавсумий иш таклиф этилмоқда
10:08 / 11.06.2026
Ёнилғи нархлари ошиши Европада электромобилларга талабни кучайтирди
10:40 / 09.06.2026