Жаҳон | 15:22
1960
2 дақиқада ўқилади

Кипрда “Уралкалий” собиқ раҳбарининг ҳалок бўлгани тасдиқланди

Кипрдаги Британия ҳарбий базалари полицияси Россиянинг “Уралкалий” компанияси собиқ раҳбари Владислав Баумгертнернинг вафот этганини тасдиқлади. Январ ўртасида оролнинг жанубида топилган эркак жасади айнан шу россиялик бизнесменга тегишли экани маълум қилинди, деб ёзади 4 феврал, чоршанба куни ТАСС Британиянинг денгизорти ҳудуди ҳисобланувчи Акротири ва Декелия полиция бошқармасига таяниб.

Фото: picture alliance / dpa

Россияликнинг шахси ДНК таҳлили ёрдамида аниқланган. “Ўлим сабаблари ҳақида бизда ҳеч қандай маълумот йўқ. Бу ҳозирча ўлим сабаби аниқланмаганини англатади”, — деб хабар берилди полицияда.

Эркак қолдиқлари январ ўртасида Кипр жанубида, йўқолган Баумгертнерни қидириш ишлари олиб борилган ҳудудда топилган, бироқ унинг шахсини дарҳол аниқлаб бўлмаган. Грек ОАВ ёзишича, жасад Авдиму ҳудудида кучли даражада чириб кетган ҳолатда топилган ва шу сабаб уни ДНК натижалари асосида таниб олишга қарор қилинган.

ОАВ маълумотларига кўра, 53 ёшли бизнесмен 7 январ куни Лимассолда йўқолган, Кипр полицияси унинг бедарак кетгани ҳақида 11 январ куни хабар берган. Унинг мобил телефони сигнали охирги марта 10 январ куни Писсури қишлоғи атрофида — “тик қояли соҳил” яқинида қайд этилган.

“Фонтанка” нашри Баумгертнер фаол равишда тоғ-қояларга чиқиш билан шуғулланганини ва “бу сафар ҳам, эҳтимол, навбатдаги маршрутни босиб ўтишни истаганини” аниқлаштирган. Нашр маълумотига кўра, полиция унинг ҳалок бўлиши бўйича асосий версия сифатида бахтсиз ҳодисани кўриб чиқмоқда.

Баумгертнер йўқолган куни Кипрда Россия элчихонаси ходими — криптограф бўлиб ишлаган ва РФ махсус хизматлари билан боғлиқ экани айтилган Антон Панов ҳам ўлик ҳолда топилган. Шу куни ижтимоий тармоқларда яширин камерада тасвирга олинган, юқори лавозимли кипрлик амалдорлар учрашуви ёзуви ҳам тарқалган: унда коррупцион схемалар, жумладан россияликларга ЕИ санкцияларини айланиб ўтишда ёрдам бериш масалалари муҳокама қилингани айтилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид