Ўзбекистон | 09:18 / 06.02.2026
1577
2 дақиқада ўқилади

Давлат органларининг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти баҳоланади

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, президент виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш фаолиятини баҳолаш ва тоифалаш тартиби белгиланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарорига киритилган қўшимчаларга мувофиқ, “Давлат органлари, давлат муассасалари ва давлат иштирокидаги ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахсларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш фаолиятини баҳолаш ва тоифалаш тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низом талаблари президент виртуал қабулхонаси тизимида рўйхатдан ўтказилиб, давлат органларига ижро учун йўналтирилган мурожаатларга нисбатан татбиқ этилади.

Бунда давлат органларининг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти қуйидаги кўрсаткичлар асосида таҳлил қилинади:

  • рўйхатга олинган мурожаатлар;
  • қаноатлантирилган;
  • рад этилган;
  • ижро муддатлари бузилган;
  • такрорий мурожаатлар.

Таҳлил натижасига кўра ташкилотлар фаолияти 3 тоифага ажратилади:

🟢 яшил — юқори натижадорлик;
🟡 сариқ — ўрта натижадорлик;
🔴 қизил — паст натижадорлик.

Шунингдек, баҳолаш натижасига кўра мансабдор шахсларнинг KPI кўрсаткичлари:

  • яшил тоифа — 100 фоиз;
  • сариқ тоифа — 50 фоиз;
  • қизил тоифа — 10 фоиз этиб белгиланади.

Маълум қилинишича, “қизил” тоифага киритилган давлат органларининг раҳбарлари ёки уларнинг тегишли ўринбосарларига нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид