Иқтисодиёт | 11:40 / 09.02.2026
1948
2 дақиқада ўқилади

Давлат харидларида электрон-скоринг тизими жорий этилади

2026 йил 1 сентябрдан давлат харидлари махсус ахборот порталида иштирокчилар фаолиятини идоралараро ахборот алмашинуви орқали автоматик баҳолайдиган электрон-скоринг тизими ишга туширилади.

Янги тизим орқали давлат харидларида иштирок этувчи субъектларга “юқори”, “ўрта”, “паст” ва “энг паст” ишончлилик даражалари берилади. Баҳолаш жараёни электрон-скоринг орқали автоматик амалга оширилиб, иштирокчиларнинг ишончлилик кўрсаткичига қараб рағбатлантириш ва чеклов чоралари қўлланади.

Электрон-скоринг натижаларига асосан қуйидаги рағбатлантириш чоралари назарда тутилган:

“юқори” ишончлилик даражасига эга иштирокчилардан закалат тўлаш талаб этилмайди;
энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларида иштирокчилар таклифларига ишончлилик даражасига мутаносиб равишда қўшимча балл берилади;
“энг фаол тадбиркор” танловида давлат харидларида ишончлилик даражаси “юқори” бўлган иштирокчилар номзодлари қўллаб-қувватланади.

Шу билан бирга, ишончлилик даражаси “паст” ва “энг паст” бўлган иштирокчилар учун ҳам алоҳида тартиблар белгиланади. Хусусан, уларнинг харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишига рухсат этиладиган давлат харидларининг энг юқори қийматига нисбатан меъёрлар ўрнатилади. Шунингдек, бепул онлайн ўқув курслари орқали малакасини ошириш амалиёти йўлга қўйилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид