Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ ва Арманистон тинч атом бўйича ҳамкорликни бошлади
Жей Ди Вэнс ва Никол Пашинян Ереванда АҚШ ва Арманистон ўртасида тинч атом соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолади. Ҳужжат Арманистоннинг энергетик ресурсларини диверсификация қилишга хизмат қилади, деди мамлакат бош вазири.
Тинч мақсадларда ядро энергиясидан фойдаланиш бўйича АҚШ ва Арманистон ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги баёнот АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян томонидан Ереванда 9 феврал, душанба куни имзоланди. Бу Вэнснинг Арманистонга икки кунлик ташрифи доирасида амалга оширилди.
Мазкур келишув “хавфсиз инновацион технологияларни жорий этиш орқали Арманистоннинг энергетик ресурсларини диверсификация қилишга кўмаклашади”, деди Пашинян.
Вэнс 9 феврал куни Арманистонга расмий ташриф билан етиб келди. Арман ОАВ хабар беришича, сафарда унга турмуш ўртоғи ва фарзандлари ҳамроҳлик қилмоқда. Америка делегацияси таркибига, шунингдек, АҚШ Давлат департаментининг иқтисодий ўсиш, энергетика ва атроф-муҳит масалалари бўйича давлат котиби ўринбосари Жейкоб Хелберг ҳам киради.
Арманистон ОАВ маълум қилишича, ядро энергетикаси соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланишидан олдин АҚШ вице-президенти ва Арманистон бош вазири аввал якка, кейин эса кенгайтирилган таркибда учрашув ўтказган.
“Арменпресс” онлайн нашри ёзишича, Никол Пашинян Жей Ди Вэнс Арманистонга ҳозиргача ташриф буюрган энг юқори лавозимли шахс эканини алоҳида таъкидлаган. “Ўйлайманки, бу фақат протокол нуқтаи назаридан бир жиҳат эмас, балки сўнгги йилларда, айниқса ўтган бир йилда, Арманистон ва Қўшма Штатлар муносабатларида рўй берган ўзгаришларнинг акс-садосидир”, — деган Пашинян.
У, шунингдек, 2025 йил август ойида Арманистон ва Озарбойжон ўртасида тинчлик ўрнатилган саммитни ташкил этгани учун АҚШ президенти Доналд Трампга ва Вэнснинг ўзига миннатдорчилик билдирган. Шу билан бирга, Пашинян “АҚШ президенти Доналд Трамп 2026 йилда тинчлик бўйича Нобел мукофотига адолатли равишда муносиб кўрилишига чин дилдан умид” билдирган, дея хабар беради News.am онлайн нашри.