Жаҳон | 15:06
2376
4 дақиқада ўқилади

Ишингер: Эпштейн ишида Россия изи бўлса, ҳайрон бўлмайман

Мюнхен хавфсизлик конференцияси (MSC) раиси вазифасини бажарувчи DW’га интервюсида Эпштейн ишида Россия изи бор-йўқлигини билмаслигини айтди, аммо Россия Европага қарши гибрид уруш олиб бораётгани сабабли бундай нарса уни ҳайрон қолдирмаслигини таъкидлади.

Фото: Nina Haase/DW

Россия “барча жиҳатларда” бутун Европа ва айрим Европа мамлакатларига, хусусан Германияга қарши гибрид уруш олиб бормоқда. Бу баёнотни MSC 2026 раиси вазифасини бажарувчи Волфганг Ишингер душанба, 9 феврал куни DW’га берган интервюсида билдирган. У бу фикрни америкалик молиячи Жеффри Эпштейн ишида эҳтимолий “Россия изи” ҳақидаги саволга изоҳ берар экан айтган. Эпштейн вояга етмаганларни зўрлаш ва фоҳишаликка мажбурлашда айбдор деб топилган.

“Бизда қотилликлар бўлган, киберҳужумлар бўлган. Ҳар хил тарғибот фаолияти бўлган. Бошқача айтганда, Россия ғарбда қарор қабул қилувчи сиёсатчилар ва жамоатчиликка таъсир ўтказиш учун исталган йўлни излаши ҳайратланарли эмас. Эпштейн ишида Россия изи борми? Билмайман, лекин шундай дейман: агар бу из борлиги маълум бўлиб қолса, бу мени ҳайрон қолдирмайди”, — деган собиқ дипломат.

Россия томонидан ҳарбий таҳдиддан хавотирланаётган НАТО давлатларининг хавфсизлигини таъминлашга Германия қандай ҳисса қўша олиши мумкинлиги ҳақида гапирар экан, Ишингер Германия Иккинчи жаҳон урушидан бери илк бор қўшни давлат — Литва ҳудудида бундесвернинг бутун бир бригадасини жойлаштирганини эслатган.

"Бу катта маблағ талаб қилади. Ва менинг билишимча, литваликлар ўзларининг ҳарбий ‘умуртқа поғонаси’ кучайганидан жуда мамнун. Литвадек кичик мамлакат учун бутун бир бригада — бу арзимас нарса эмас, — деб таъкидлаган у. — НАТОни олдинги фронт чизиғида турган давлатларни қандай мустаҳкамлаши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўришга чақираман. Литва — шулардан бири. Аммо Полша ҳам бор, Эстония бор, Латвия бор, бошқалар ҳам бор, Финландия ҳам бор".

Биз олдинги чизиқда турган давлатларни худди шу тарзда кучайтиришга ҳисса қўша оламизми — яъни, совуқ уруш даврида Германияни ҳимоя қилишга ёрдам берган америкаликлар, британияликлар, французлар, белгияликларнинг аскарлари ҳамда кўп миқдорда танклар ва самолётлар ҳозир бўлгани каби? Аслида шундай бўлиши керак”.

“Биз тушунишимиз керак: вазифамиз фақат Германия чегараларини ҳимоя қилиш эмас, вазифамиз — Европа Иттифоқини яхлит ҳолда ҳимоя қилиш”, — деб қўшимча қилган у.

Трансатлантик муносабатлар ёмонлашгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Ишингер “ишонч, афтидан, чайқалди”, дея қайд этган. “Гренландияни эсланг. Яқиндаги бошқа масалаларни ҳам эсланг”, — деган у.

Шу муносабат билан у Европа АҚШ талабини қандай бажара олиши — яъни, ўз мудофаасини кўпроқ ўз қўлига олиши ҳақида ўйлаб кўриш зарурлигини айтган. “Биз бу талабга жавоб беришимиз ва ўзимизга бироз кўпроқ ишонадиган бўлишимиз керак”, — деб ҳисоблайди Ишингер. Шу билан бирга, у бундай жараёнга кўп ой, эҳтимол йиллар ҳам кетиши мумкинлигини тан олган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид