Жаҳон | 09:52
1452
4 дақиқада ўқилади

Куба: аэропортларда авиаёнилғи йўқ — хорижий рейслар қайта кўриб чиқилмоқда

Куба авиаёнилғи тақчиллигини маълум қилди: хорижий авиакомпаниялар шошилинч равишда рейсларни қайта кўриб чиқмоқда, сайёҳлар эса кечикишлар ва парвозларда узилишлар билан тўқнаш келиши мумкин.

Фото: CN360

Куба ҳукумати якшанба, 8 феврал куни хорижий авиакомпанияларга маҳаллий аэропортларда авиаёнилғи танқислиги сабабли самолётларни вақтинча ёнилғи билан таъминлаш мумкин эмаслигини билдирган. EFE агентлиги ёзишича, чекловлар душанба куни кучга киради ва камида март ойи ўрталаригача давом этади.

Гап мамлакатнинг бир неча аэропортларида, жумладан Ҳаванадаги Хосе Марти номидаги халқаро аэропортда ҳам ёнилғи етишмаслиги ҳақида бормоқда. Куба ҳукумати ташувчиларни мамлакат ҳудудида ёнилғига таяна олмаслиги ҳақида огоҳлантирган. EFE'га кўра, бу оролга учадиган хорижий авиакомпаниялар маршрутлари, жадваллари ва рейслар частотасини ўзгартиришга олиб келиши мумкин.

Кубадаги ёнилғи танқислиги АҚШ босими кучайганидан кейин янада оғирлашди. Январ ойи охирида АҚШ президенти Доналд Трамп Кубага нефт етказиб бераётган давлатларга нисбатан янги тарифлар тизимини жорий этиш ҳақида фармон имзолаган. Оқ уй буни асослар экан, Куба ҳукумати АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солаётгани, шунингдек, душман давлатлар ва гуруҳлар билан ҳамкорлик қилаётганини билдирган. Шу фонда оролга ёнилғи етказиб бериш қисқарган ва бу самолётларни ёнилғи билан таъминлашда муаммоларга олиб келган.

Telegram’даги Mash канали хабар беришича, душанба, 9 феврал куни “Россия” авиакомпаниясининг Москвадан Ҳаванага рейси охирги дақиқада бекор қилинган — экипаж командири Куба аэропортида ёнилғи йўқлигини йўловчиларга айтган. Бироқ Flightradar хизмати маълумотлари самолёт барибир тахминан 5 соат кечикиб Кубага учиб кетганини кўрсатади. Mash турагентларга таянилган ҳолда келтирган версияга кўра, самолёт Кубада қолиб кетган россиялик сайёҳларни олиб келиш учун бўш ҳолда юборилган бўлиши мумкин.

Бу маълумотни Россия Туроператорлар ассоциацияси қисман тасдиқлаган: у йўловчилар билан рейс бекор қилингани ва самолёт Кубага туристларсиз юборилганини билдирган. Россия ОАВ эътибор қаратган “Аэрофлот” брон қилиш тизимига кўра, яқин кунлар учун Ҳавана ва Варадерога рейслар жадвали тузатилган, чипталар савдоси эса вақтинча тўхтатилган.

Россия Туриндустрия иттифоқи маълумотларига кўра (уни “Москва” агентлиги келтиради), ҳозир Кубада Россиядан келган тахминан 4 минг турист бор. Туроператорлар ассоциацияси эса оролдаги россиялик туристлар сонини 4,2–4,7 минг оралиғида баҳолайди. Шу билан бирга, Туриндустрия иттифоқи россиялик туристларни қайтариш масаласида хавотир йўқлигини билдирган.

EFE 9 феврал кунги нашрида Куба туризм соҳасидаги қийинчиликлар ҳақида ёзиб, сектор COVID-19 пандемиясидан кейин, АҚШ санкциялари ва ички иқтисодий муаммолар фонида аллақачон инқирозни бошдан кечираётганини қайд этган. Туроператорлар ассоциацияси маълумотича, хорижий туристлар оқими камайиши сабаб Кубадаги айрим меҳмонхоналар ёпилмоқда, дам олувчилар эса бепул равишда бошқа меҳмонхоналарга кўчириб ўтказилмоқда.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кубада ёнилғи билан боғлиқ вазият жиддий эканини тан олган. Унинг сўзларини “Маяк” радиостанцияси келтиради. Песковга кўра, АҚШнинг “бўғувчи усуллари” мамлакатга “кўп қийинчиликлар” келтиряпти ва Москва Ҳавана билан ёрдам ҳамда қўллаб-қувватлашнинг эҳтимолий йўлларини муҳокама қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид