Иқтисодиёт | 07:42
4467
3 дақиқада ўқилади

Глобал ҳаёт қиймати индекси: энг қиммат давлатлар ва Ўзбекистон

2026 йилда турли мамлакатларда яшаш қиймати қандай ўзгармоқда? Бу саволга жавоб бериш учун визуализация Numbeo’нинг Глобал ҳаёт қиймати индексига таянади. Индекс кундалик харажатлар (ижара тўлови ҳам қўшилган ҳолда) нархларини Ню-Йорк (100 балл — базавий даража) билан таққослаб кўрсатади.

Фото: Kun.uz / Улуғбек Эргашев

Агар мамлакат индекси 80 бўлса, демак у ерда нархлар Ню-Йоркка нисбатан 20 фоиз арзон. 100 дан юқори кўрсаткич эса ҳаёт қиймати ундан ҳам қиммат эканини англатади.

Инфляция босими айрим ҳудудларда сусайган бўлса-да, юқори ҳаёт қиймати ҳали ҳам глобал муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

2020 йилдан бери 28 мамлакатда уй-жой нархлари 50 фоиздан ортиққа ошган. Мексика, Германия ва Малайзия каби давлатларда озиқ-овқат нархлари кескин кўтарилиб, бутун дунё бўйлаб оилалар бюджетларига жиддий босим ўтказмоқда.

Дунёдаги энг юқори ҳаёт қиймати Бермуд оролларида қайд этилган. Бу Британияга қарашли ҳудуд элита кўчмас мулк, люкс туризм ва офшор капитал билан боғлиқ. 

Фото: Visual Capitalist

Энг қиммат ҳудудларнинг кўпчилиги — орол иқтисодиётлар. Юқори ўринларни эгаллаганлар орасида: Виргин ороллари (АҚШ), Жерси, Кайман ороллари. Бу ҳудудларда капитал концентрацияси юқори ва импортга кучли боғлиқлик нархларни оширади.

Швейцария умумий рейтингда учинчи ўринда. Цюрих 2026 йилда дунёдаги энг қиммат шаҳар деб топилган. Юқори маошлар, кучли швейцария франки ва юқори турмуш даражаси ҳаёт қийматини оширади.

Сингапур Осиёда энг қиммат шаҳар ва жаҳонда бешинчи ўринда. Ер ресурсларининг чеклангани уй-жой нархларини оширган. Мамлакат озиқ-овқатнинг тахминан 90 фоизини импорт қилади, бу эса нарх босимини кучайтиради.

Россия жаҳон рейтингида 104-ўринни эгаллаган. Ҳаёт қиймати индекси — 25,7. Бу Ню-Йорк билан таққослаганда анча паст даражани англатади, аммо ички инфляция ва реал даромад динамикаси алоҳида таҳлилни талаб қилади.

Ўзбекистон 2026 йилда ҳаёт қиймати бўйича паст индексли давлатлар қаторида. Numbeo маълумотларига кўра, индекс тахминан 26–30 атрофида (шаҳарга қараб фарқ қилади). 

Ню-Йоркка нисбатан кундалик харажатлар 70 фоиздан ортиқ арзон. Ижара ва коммунал тўловлар Европа ва Шимолий Америкага нисбатан сезиларли паст. Озиқ-овқат нархлари сўнгги йилларда ошган бўлса-да, умумий даража глобал рейтингда паст ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид