Ўзбекистон | 11:02
5949
2 дақиқада ўқилади

Киберҳужумда 60 мингтага яқин шахсий маълумот тарқалган – Шерзод Шерматов

27-30 январ кунлари Ўзбекистон ҳукуматининг учта идораси киберҳужумга учраган. Рақамлаштириш вазирининг айтишича, 15 миллион кишининг маълумотлари тарқалиб кетгани ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди. Гап 60 мингта уникал ахборотларнинг тарқалиши ҳақида кетяпти. Фирибгарлар қўлга киритилган маълумотлардан алдов қуроли сифатида фойдаланиши мумкин.

Вазир Шерзод Шерматов / Фото: Kun.uz

2 феврал куни 15 миллион ўзбекистонликнинг шахсига оид маълумотлар сизиб чиққани ҳақида хабар тарқалган эди. Рақамли технологиялар вазирлигида ўтаётган матбуот анжуманида бу киберҳужум тафсилотлари ва унинг оқибатларига изоҳ берилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Вазир Шерзод Шерматовнинг маълум қилишича, 2026 йил 27–30 январ кунлари 3 та давлат идорасининг ахборот тизимларига киберҳужумлар бўлган. Натижада ижтимоий тармоқларда айтилганидай 15 млн эмас, 60 мингтага яқин шахсий маълумотлар тарқалган. Бунда 60 минг киши эмас, 60 мингта маълумот бирликлари назарда тутилмоқда. Бу бирликлар фуқароларнинг исм-шарифи, туғилган санаси, манзили, телефон рақами каби маълумотлардан иборат.

Вазирга кўра, киберҳужумни бартараф қилиш мақсадида тезкорлик билан ахборот инфратузилмаларига келгусидаги рухсатсиз киришларга чек қуйилган, техник ҳимоя қурилмаларида ҳимоя воситалари янада кучайтирилган.

Шунингдек, Ягона идентификация тизими (OneID)да қўшимча хавфсизлик чоралари кўрилиб, шахсий маълумотларни эгасининг розилиги асосида бошқа тизимларга тақдим этиш ёки чеклаш имконияти яратилган.

Таъкидланишича, фирибгар бу маълумотларни қўлга киритгани билан, фуқаронинг шахсий иштирокисиз унинг номидан бирор бир хатти-ҳаракатни амалга оширолмайди. Шу сабабдан улар турли усуллар билан қолган маълумотлар тўпламини қўлга киритиш учун навбатдаги хуружни амалга оширади.

Шу билан бирга, қўлга киритилган ушбу маълумотлар тўплами кейинчалик фирибгарларга алдов учун восита сифатида фойдаланиш имконини беради.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева

Мавзуга оид