Жаҳон | 13:45
727
5 дақиқада ўқилади

НАТО Арктика хавфсизлигини мустаҳкамлашга киришди

Россиянинг Арктикада кучайишидан хавотирда бўлган НАТО “Арктик қўриқчи” (Arctic Sentry) миссиясини бошламоқда. Экспертлар фикрича, бу билан алянс АҚШга Гренландияни эгаллаш зарурати йўқлигини кўрсатмоқчи, деб ёзади The New York Times.

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги / REUTERS

Ғарб Арктика минтақасида Россиядан келиши мумкин бўлган эҳтимолий таҳдиддан ўзини ҳимоя қилиш учун иштирокини кенгайтирмоқчи ва шу мақсадда “Арктик қўриқчи” (Arctic Sentry) номли миссияни бошламоқда. Бу ҳақда 11 феврал, чоршанба куни НАТОнинг Европадаги Қўшма қуролли кучлари штаби хабар берди. “Бу НАТО кучларини мустаҳкамлайди — ҳудудимизни ҳимоя қилиш ва Арктика ҳамда Қутбга яқин Шимолда хавфсизлик сақланишини кафолатлаш учун”, — деди Европадаги НАТО Қўшма қуролли кучларига раҳбарлик қилаётган АҚШ ҲҲК генерал-лейтенанти Алексус Гринкевич.

DW мухбири хабар беришича, Брюсселда НАТО бош котиби Марк Рюттенинг матбуот анжуманининг бир қисми ҳам айнан шу мавзуга бағишланди. Унинг айтишича, Россия ҳарбий фаоллиги кучайиб, Хитойнинг Қутбга яқин Шимолга қизиқиши ортиб бораётган шароитда алянс кўпроқ иш қилиши жуда муҳим.

“Шунинг учун атиги икки соат олдин биз Arctic Sentry’ни ишга туширдик. Arctic Sentry Шимолий Атлантика иттифоқининг қудратидан фойдаланади — НАТО ва иттифоқчиларнинг Қутбга яқин Шимолдаги фаолиятини минтақа бўйича ягона, кенг қамровли оператив ёндашув доирасида бирлаштиради, — деди НАТО раҳбари. — Аввалига бу ‘Даниянинг Арктик чидамлилиги’ ва ‘Норвегиянинг Совуқ жавоби’ каби қўшма машғулотлар бўлади — бу тадбирларда ўн минглаб ҳарбий хизматчилар ва Арктика шароитида муваффақиятли ишлаш учун зарур бўлган ускуналар қатнашади”.

“Шу тариқа, биз Арктика хавфсизлигини — аслида бутун Шимолий Атлантика алянси хавфсизлигини биргаликда таъминлашга содиқлигимизни намойиш этамиз. Биз НАТО доирасида шу ва бошқа саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттиряпмиз. Биз нафақат минтақадаги позициямизни мустаҳкамлаймиз, балки Арктикадаги эҳтимолий чақириқлар ҳақида янада яхлит манзара яратамиз — ҳар қандай бўшлиқларни тез ва самарали тарзда тўлдириш учун”, — деди Марк Рютте.

НАТО амалдорлари фикрича, Шимолий Атлантика алянси энди Арктикани эътиборсиз қолдиришга ёки унинг хавфсизлигини таъминлашни фақат минтақавий ҳамкорларга юклаб қўйишга қодир эмас, дейилади мақолада. Чунки музликлар эриши янги сув йўлларини очиб берди — улар “Москвага НАТОнинг сабрини синаш” имконини бермоқда, деб ёзади The New York Times.

NYT экспертларга таяниб ёзишича, “Арктик қўриқчи” миссияси доирасида “қутбий қалпоқ” деб аталадиган ҳудудда — яъни Шимолий қутб доирасидаги Норвегия, Швеция ва Финландиянинг айрим қисмларини ўз ичига олган минтақада НАТО ҳарбий хизматчилари сони кўпайтирилади.

Бундан ташқари, НАТО Норвегия денгизида денгиз патрулини кучайтиришни, кейин эса Гренландия, Исландия ва Буюк Британия орасидаги сув йўлларида назоратни оширишни режалаштирмоқда — бу ҳудуд алянсда GIUK Gap деб аталади. “Бу янги кузатувчи учувчисиз аппаратларни синаш учун полигонга айланиши мумкин — улар оғир об-ҳаво шароитларига қай даражада чидамли экани текширилади”, — дейилади мақолада.

Экспертлар таъкидлашича, НАТОнинг бошқа давлатлари бу йўл билан АҚШга алянс Арктика хавфсизлигини таъминлаш масаласида жиддий эканини кўрсатмоқчи — демак, Вашингтонга Гренландияни “биринчи мудофаа чизиғи” сифатида назорат қилиш зарурати йўқ.

Вашингтондаги таҳлилий гуруҳ — Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (Center for Strategic and International Studies) маълумотларига кўра, 2025 йил январ ойи бошидан бери Россия Арктикада камида 33 та ҳарбий манёвр ўтказган, уларнинг қарийб ярми ўқув машғулотларидан иборат бўлган.

Россиянинг Арктикадаги ҳарбий фаолиятининг асосий қисми Кола яриморолида жамланган: у ерда ядровий жанговар қисмларни олиб юра оладиган Россия сувости кемалари жойлашган. Россия бу сувости кемаларини соҳил, денгиз ва ҳаво патруллари орқали ҳимоя қилади. Гап, жумладан, Баренц денгизи бўйида жойлашган Мурманскдаги Россия Шимолий флоти штабидаги сувости кемалари ҳақида кетмоқда. NYT тушунтиришича, Атлантика океанидан келадиган илиқ оқимлар бу ҳудудда сувнинг музлаб қолишига йўл қўймайди.

НАТО ҳарбий амалдорларининг асосий хавотири шундаки, Москва ядровий жанговар қисм таший оладиган сувости кемани Норвегия денгизи орқали GIUK Gap акваториясига ўтказиб, уни очиқ Атлантика океанига чиқариши мумкин. “Шунда ўйин тугайди, — дейди Стокҳолмдаги Шарқий Европа тадқиқотлари марказининг Арктика бўйича эксперти Минна Анландер. — Атлантика океанида сувости кемани аниқлаш жуда қийин”.

Алянснинг бошқа хавотирлари ҳам бор: Россия нефтни контрабанда қилишга уриниши, денгиз туби бўйлаб ўтган қувурларга диверсия уюштириши ёки муҳим коммуникация кабелларига зарар етказиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид