Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
РФ денгиз тубига ядровий қурол жойлаштириши мумкинлиги айтилди
НАТО разведкаси Россия Шимолий флоти ҳаракатларини кузатар экан, Москва денгиз тубига ядровий каллак ташишга қодир ракеталарни жойлаштириш устида ишлаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида хавотир билдирилди. Бу ҳақда Германиянинг ARD телеканали WDR ва NDR журналистик суриштирувига таяниб хабар берди.
Фото: AP
Маълум қилинишича, журналистлар “Скиф” код номи билан юритилаётган махфий лойиҳани бир неча ой давомида ўрганган. Улар сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилган, Россия илмий базалари ва тарихий ҳужжатларни ўрганган ҳамда ҳарбийлар ва экспертлар билан суҳбатлашган.
Суриштирув материалларига кўра, НАТО разведкаси маълумотлари Россия “ҳозиргача маълум бўлмаган усулда” денгизда баллистик ракеталарни жойлаштириш устида бир неча йилдан бери иш олиб бораётган бўлиши мумкинлигини кўрсатган.
Таъкидланишича, бундай ракета қурилмаларини аниқлаш ва йўқ қилиш деярли имконсиз бўлиши мумкин.
НАТО маълумотларига кўра, “Скиф” лойиҳаси учун Россия сувости кемаларида қўлланадиган “Синева” ракетасининг модификация қилинган версияси ишлаб чиқилган. Янги ракета денгиз тубидан учирилиши ва бир неча минг километр масофага етиб бориши мумкинлиги айтилмоқда.
Хабарда таъкидланишича, ушбу ракеталарнинг илк синовлари бир неча йил аввал ўтказилган бўлиши мумкин.
Ғарб разведка хизматлари маълумотларига кўра, ядровий каллак ташиш имкониятига эга бўлган ракеталар махсус шахталар ёки контейнерларда, бир неча юз метр чуқурликда жойлаштирилиши мумкин. Улар узоқ вақт денгиз тубида сақланиб, зарур пайтда масофадан туриб ишга туширилиши эҳтимоли бор.
НАТО манбаларига кўра, ракета шахталарини ўрнатишда Оқ денгиз соҳилидаги Северодвинск шаҳрида жойлашган “Звездочка” кемаси ва “Саров” сувости кемасидан фойдаланилиши мумкин.
ARD маълум қилишича, НАТО ҳам, Россия Мудофаа вазирлиги ҳам “Скиф” лойиҳаси юзасидан изоҳ беришдан бош тортган. Россиянинг Берлиндаги элчихонаси эса бу масала бўйича маълумотга эга эмаслигини билдирган.
Берлиндаги “Фан ва сиёсат” жамғармаси (SWP) эксперти Хельге Адрианснинг фикрича, денгиз тубига ракета жойлаштириш Россияга қиммат сувости кемаларига боғлиқликни камайтириш ва ядровий тийиб туриш салоҳиятини арзонроқ усулда сақлаб қолиш имконини бериши мумкин.
Бироқ эксперт бундай лойиҳа катта техник муаммолар билан боғлиқлигини ҳам таъкидлаган. Жумладан, денгиз оқимлари таъсири, шахталарнинг лойқа билан тўлиб қолиши, энергия таъминоти ва маълумот узатиш каби муаммолар мавжуд.
Маълумот учун, 1971 йилда АҚШ, СССР ва яна 80 га яқин давлат денгиз тубида ядровий қурол жойлаштиришни тақиқловчи шартномани имзолаган. Бироқ ушбу келишув фақат халқаро сув ҳудудларига тааллуқли бўлиб, давлатларнинг ўз ҳудудий сувларида бундай тизимларни жойлаштиришини тақиқламайди.
ARD эслатишича, 2017 йилда Россия Ҳаво-космик кучларининг собиқ қўмондони Виктор Бондарев денгиз тубида яширинган “Скиф” ракеталари Россия қуролли кучлари арсеналига киришини маълум қилган эди.
Мавзуга оид
09:11
Украина дронлари Россиянинг йирик нефт заводига зарба берди
21:31 / 21.05.2026
Литва ТИВ раҳбари НАТО кучлари Россиянинг Калининграддаги ҳарбий базаларини «ер билан битта қила олиши»ни айтди
21:56 / 20.05.2026
Путин Хитойга ташрифини якунлади: асосий маълумотлар
18:02 / 20.05.2026