Ўзбекистон | 14:44 / 13.02.2026
1128
2 дақиқада ўқилади

“Энг инновацион ғоя” республика танлови ўтказилади

2026 йилдан ҳар йили стартап лойиҳага айлантириш салоҳияти юқори бўлган ғояларни аниқлашга қаратилган “Энг инновацион ғоя” республика танлови ўтказилади. Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан олий таълим муассасаларида “Олийгоҳлар – стартаплар генератори” дастури амалга оширилади.

Қарорга кўра, “Энг инновацион ғоя” танлови давлат олий таълим ташкилотларида ўтказилади ва ғолибларга 100 млн сўм грант ажратилади. Республика босқичи 10 та йўналиш бўйича ташкил этилади

Танловнинг умумий мукофот жамғармаси 10 млрд сўм этиб белгиланиб, мазкур маблағ Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан олий таълим ташкилотларида “Олийгоҳлар – стартаплар генератори” дастури босқичма-босқич жорий этилади. Дастур доирасида:

  • олийгоҳларда IT-парк ва венчур жамғармалар билан ҳамкорликда талабалар акселераторлари ташкил этилади;
  • талабалар учун нуфузли халқаро акселераторлар ва университетлар билан стажировка ҳамда алмашинув дастурлари йўлга қўйилади;
  • олий таълим ташкилотларига талабалар ва илмий ходимларнинг истиқболли стартап лойиҳаларига инкубация марказлари ва талабалар акселераторлари орқали ҳар бир лойиҳага 20 минг АҚШ долларигача эквивалентда ўз маблағларини инвестиция қилиш ҳуқуқи берилади;
  • акселераторларда “стартап менежер” ва “стартап трекер” лавозимлари жорий этилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид