Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мерц, Стармер ва Рютте Зеленский билан музокаралар ўтказди
Мюнхен хавфсизлик конференциясида Украинадаги уруш бўйича “Берлин формати” деб аталувчи музокаралар бўлиб ўтди. Володимир Зеленский Германия, Буюк Британия ва НАТО раҳбарлари билан Украинадаги вазиятни муҳокама қилди.
Фото: Michaela Stache/AFP
Германия канцлери Фридрих Мерц, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва НАТО бош котиби Марк Рютте Россия бошлаган уруш шароитидаги жорий вазиятни муҳокама қилиш учун Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашув ўтказди. Музокаралар жума куни, 13 февралда Мюнхен хавфсизлик конференцияси (MSC) доирасида “Берлин формати” деб аталувчи форматда бўлиб ўтган.
Бу формат ЕИга аъзо бир қатор давлатлар, Европа ҳамжамияти етакчилари ва НАТОни бирлаштиришини AFP агентлиги эслатди. Бундан олдин Мерц Зеленский билан алоҳида, икки томонлама учрашув ҳам ўтказган эди.
Аввалроқ Баварияда Украина етакчиси Германия мудофаа вазири Борис Писториус билан бирга Германия ва Украина ўртасида дронларни қўшма ишлаб чиқаришни бошлашга старт берган.
Кремл маълумотига кўра, келаси ҳафта Россия, Украина ва АҚШ вакиллари ўртасида музокараларнинг навбатдаги раунди режалаштирилган. У 17–18 феврал кунлари Женевада бўлиб ўтиши керак. Украина президенти маъмурияти вакили бу маълумотни тасдиқлади. АҚШ воситачилигида Абу-Дабида бўлиб ўтган аввалги икки раунд музокаралар жиддий бурилиш бермаган.
MSC’даги чиқишида Мерц Россия билан мулоқот эҳтимолий тикланиши ҳақида эҳтиёткорона фикр билдирган. “Агар гаплашишдан маъно бўлса, биз музокараларга тайёрмиз”, — деди Германия канцлери. Бироқ у Россия ҳозирча “жиддий муҳокамалар”га тайёрлигини намоён этмаяпти, деб ҳисоблайди.
Хабардор доиралар маълумотига кўра, Франция президенти Эммануэл Макрон ўтган ҳафта мулоқотни қайта тиклашга тайёргарлик кўриш учун ўзининг дипломатик маслаҳатчисини Москвага юборган, деб ёзади AFP. Макроннинг фикрича, маълум бир пайтда Россия президенти Владимир Путин билан алоқаларни қайта тиклаш “маънога эга”.
62-Мюнхен хавфсизлик конференцияси Бавария пойтахтида 13–15 феврал кунлари ўтмоқда. Конференцияда 60 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари, шунингдек тахминан 100 та мамлакатнинг мудофаа вазирлари иштирок этмоқда.