Жамият | 15:21 / 14.02.2026
4869
2 дақиқада ўқилади

“Пенсиянгиз кейинги ойдан оширилади” – бу ёлғон!  

Ўзбекистонда фирибгарлар пенсионерларни ҳам нишонга ола бошлади. Пенсия жамғармаси янги фирибгарлик туридан огоҳлантириб, уларга алданиб қолмаслик учун ўз тавсияларини билдирди.

Сунъий интеллект чизган сурат

Ўзбекистонда фирибгарлар нотаниш рақамлардан пенсионерларга қўнғироқ қилиши ҳолати кузатилмоқда. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси маълум қилди.  

Жамғармага кўра, айни кунларда телефон орқали пенсия ёшидаги фуқароларга нотаниш рақамлар орқали қўнғироқ қилиниб, уларнинг банк пластик картаси ёки паспорт маълумотларини сўраш ҳолатлари учрамоқда. Фирибгарлар ўзини банк ёки Пенсия жамғармаси ходими сифатида таништиряпти.

Яъни улар “Пенсиянгиз кейинги ойдан оширилади. Бунинг учун маълумотларингизни ва телефонингизга келган кодни айтсангиз, пенсиянгиз картангизга тушади, бўлмаса ошмай қолади”, деган маънода ёлғон хабар орқали пенсионерларнинг ишончига киришга уринмоқда. 

“Пенсия жамғармаси ходимлари ҳеч қачон сизга қўнғироқ қилиб, шахсий маълумотларингизни ёки телефонингизга келган кодларни сўрамайди”, дейилади хабарда.

Жамғарма пенсионерлардан паспорт, пластик карта ёки ЖШШИР рақами каби шахсий маълумотларни бегона шахсларга тақдим этмасликни сўрамоқда. Агар шу каби шубҳали ҳолатлар учраса, Пенсия жамғармасининг 1271 қисқа рақамли ишонч телефонига ёки ички ишлар органларига хабар бериш тавсия этилган.

Аввалроқ фирибгарлар МИБ номидан ҳам фуқароларга ижро ҳужжати ёки қарздорлик ҳақида сохта хабар жўнатиб, тузоқ қурганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид